
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2026 йил 15 январь куни Yangi Bank лицензиясини қайтариб олиш ва уни мажбурий тугатиш жараёнини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Бунга устав капиталига қўйилган минимал талабларнинг тизимли равишда бажарилмагани ва тартибга солувчи органнинг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, сўнгги чораклардаги сурункали зарарлар сабаб бўлган.
Марказий банк вакиллари пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Yangi Bank атрофидаги вазият юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Мажбурий тугатиш жараёни 2026 йил 15 январдан бошланди. Марказий банк банк операцияларини амалга оширишга чекловлар қўйди. Шу билан бирга, ваколатли орган — тугатиш комиссияси ўз ишини бошлади, унинг ваколатлари доирасида айрим чекловлар босқичма-босқич олиб ташланмоқда ва рухсат этилган операциялар рўйхати шакллантирилмоқда.
Банкнинг молиявий ҳолати
2026 йил 13 январь ҳолатига кўра, банкнинг жами активлари 577,2 млрд сўмни, кредит портфели 190 млрд сўмни (асосан стандарт сифатида таснифланган қисқа муддатли ва факторинг кредитлари) ташкил этган.
Ликвид активлар 126 млрд сўмга етган, шундан Марказий банкдаги маблағлар 31 млрд сўмни, бошқа банклардаги маблағлар 14,5 млрд сўмни ва репо операциялари бўйича қимматли қоғозлар 80 млрд сўмни ташкил қилади.
Асосий воситалар 254,7 млрд сўмни ташкил этган: банк биноси — 155 млрд сўм, номоддий активлар — 103 млрд сўм.
Банк мажбуриятлари қарийб 412 млрд сўмни ташкил этади, шундан:
- 279 млрд сўм — жисмоний шахсларнинг маблағлари (омонатлар ва карталардаги маблағлар);
- қарийб 110 млрд сўм — юридик шахсларнинг маблағлари.
Устав капитали зарарлар ҳисобга олинганидан кейин, аввал шакллантирилган 355 млрд сўмдан тахминан 183 млрд сўмгача камайган. Ўтган йилларнинг тақсимланмаган зарари 171 млрд сўмни ташкил этади.
Омонатлар
Марказий банкнинг дастлабки маълумотларига кўра, банкда 32 526 нафар жисмоний шахс-омонатчи бор. Улардан 32 153 нафари (98,8%) давлат кафолати остига тушади.
Кафолатланган сумма — бир омонатчи учун 200 млн сўмгача. Аммо бу чеклов омонатлар тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритилгунга қадар очилган омонатларга тааллуқли эмас. Агар депозит 2025 йил 19 февралгача очилган бўлса, унга (суммасидан қатъи назар) 100 фоизлик кафолат амал қилади.
32,1 минг мижоз бўйича кафолатланган тўловларнинг умумий ҳажми тахминан 240 млрд сўмга баҳоланмоқда.
Маблағлари 200 млн сўмдан ортиқ бўлган 373 нафар омонатчи кафолатланмаган қисмини кейинроқ — тугатиш комиссияси қарори асосида навбат тартибида олади. Уларнинг маблағлари ҳажми 90 млрд сўм атрофида баҳоланмоқда.
Карталардаги маблағлар
Пластик карталардаги маблағлар талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатларга тенглаштирилади ва уларга ҳам 200 млн сўмгача кафолат амал қилади. Қайтариш бошқа омонатлар билан бир қаторда агент-банк орқали амалга оширилади.
Агент-банк белгилангандан сўнг, омонатчилар шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан унинг филиалларига мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Кафолатланган суммани тўлаш белгиланган тартибда омонатчининг ҳисобварағига (картасига) ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Тўлов муддатлари
2025 йилда қабул қилинган қонун талабларига мувофиқ, компенсациялар кафолатланган ҳолат юзага келган пайтдан бошлаб 15 иш куни ичида тўланиши керак:
- 8 иш куни омонатчилар реестрини ва кафолатланган суммаларни шакллантириш учун ажратилади;
- 9-иш кунидан тўловлар бошланиши кутилмоқда;
- кафолатланган ҳолат юзага келган санадан бошлаб 15 иш куни ичида омонатчиларнинг камида 75 фоизи компенсация олиши керак.
2026 йил 15 январь кафолатланган ҳолат юзага келган сана ҳисобланади. Реестр 26 январга қадар тайёр бўлиши ва шундан сўнг тўловлар бошланиши кутилмоқда.
Реестр шакллантирилгандан сўнг тўловлар тўлиқ ҳажмда амалга оширилади. «Омонатларни кафолатлаш агентлигида зарур молиявий маблағлар аллақачон шакллантирилган — етарли ресурслар мавжуд. Қонунчилик талабларига кўра, ҳисоб-китобларни бугуноқ бошлаш мумкин, бироқ ҳозирги вақтдаги асосий вазифа — айнан реестрни шакллантириш. Қонунга мувофиқ, кафолатланган омонатларни умумий таркибдан ажратиб олиш лозим. Бу мураккаб ва кўп вақт талаб қиладиган жараён бўлиб, унга 8 иш куни ажратилган», — деди агентлик ижрочи директори Улуғбек Ҳамдамов.
Қўшимча маълумотларни агентликнинг +998 55 550-05-00 ишонч телефони орқали олиш мумкин.
Yangi Bank ҳозирги вақтда фирибгарлар мижозларга шахсий хабарлар ёзиб, «омонатларни қайтаришга ёрдам беришни» таклиф қилаётгани ҳақида хабар берди.
«Бу алдов. Ҳеч кимга паспорт маълумотлари, омонат шартномалари рақамлари, SMS-кодлар, карта ва ҳисоб рақамлари маълумотларини берманг».
Юридик шахслар ва кредиторлар
Банк ҳисобварақларидаги юридик шахсларнинг маблағлари тахминан 104 млрд сўмга баҳоланмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, битта юридик шахс учун 200 млн сўмгача бўлган маблағ Омонатларни кафолатлаш жамғармаси томонидан қопланади. Ушбу лимитдан юқори бўлган сумма маблағлар келиб тушишига қараб тугатиш комиссияси томонидан навбат тартибида қайтарилади.
Тугатиш комиссияси:
- уч кун ичида кредиторлар томонидан талабларни тақдим этиш тартибини эълон қилади;
- икки ой давомида талабларни қабул қилади;
- кейин яна икки ой давомида талаблар реестрини шакллантиради;
- реестр Марказий банк томонидан тасдиқланганидан сўнг, тугатиш массаси ҳисобидан талабларни қаноатлантириш бошланади.
Кредитлар: тўлашда давом этиш керакми?
Лицензиянинг бекор қилиниши қарз олувчиларни мажбуриятлардан озод қилмайди. Барча кредит шартномалари ўз кучида қолади, тўловлар қатъий равишда график бўйича амалга оширилиши керак.
Тугатиш комиссияси уч иш куни ичида кредитларни қайси ҳисоб рақамларига ва қайси реквизитлар бўйича тўлашни давом эттириш кераклиги ҳақида маълумот эълон қилади.
Лицензияни қайтариб олиш тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар тўлов тизимларига юборилган тўлов топшириқномалари якунига етказилади. Қонун уларни блоклашга йўл қўймайди.
Банк ходимлари
Yangi Bank ходимларига ҳисобланган, лекин тўланмаган иш ҳақи биринчи навбатдаги талабларга киради.
Оралиқ тугатиш баланси тасдиқланганидан сўнг, тўловлар тугатиш массаси ҳисобидан биринчи навбатда амалга оширилади.
Бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари, шунингдек, банк ходимлари келажакда банк тизимида ишлашлари мумкин.
Тартибга солувчи орган билан келишилиши керак бўлган лавозимларга тайинланишда улар қайтадан Fit and Proper (лойиқлик ва мувофиқлик) жараёнидан ўтадилар. Чекловлар фақат банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашгани учун шахсий жавобгарлик аниқланган тақдирдагина бўлиши мумкин.
Тугатиш комиссияси ва маълумотлар хавфсизлиги
Акциядорлар, кузатув кенгаши ва бошқарув ваколатлари тўлиқ тугатиш комиссиясига ўтказилди.
Мижозлар ҳақидаги маълумотлар банк сирига киради ва ходимларнинг иш даврида ҳам, улар ишдан бўшагандан кейин ҳам ҳимояланиши шарт.
Банк сирини ошкор қилганлик учун ҳуқуқий жавобгарлик кўзда тутилган.
Тугатиш комиссияси таркиби ва тугатиш босқичлари уч кун ичида Yangi Bank расмий сайтида эълон қилинади.
Мижозлар ҳозир нима қилишлари керак
Тартибга солувчи орган ва Омонатларни кафолатлаш агентлиги саросимага тушмасликка ва фақат расмий манбаларга таянишга чақиради:
- Марказий банк хабарлари;
- Омонатларни кафолатлаш агентлиги нашрлари;
- тугатиш комиссияси эълонлари.
«Пулларни ечиб беришга ёрдам бераман», «ҳаммасини ҳал қиламан», «танишларим бор», «мен банкданман» каби ҳар қандай таклифлар — бу фирибгарликдир ва биз сиздан бундай баёнотларга ҳеч ким ишонмаслиги учун буни аудиторияга аниқ етказишингизни сўраймиз», — деб таъкидлади Марказий банк.
Yangi Bank 2023 йил май ойида рўйхатга олинган эди. У ягона таъсисчиси Сингапурнинг Yangi Holding PTE LTD компанияси бўлган Yangi-Group (Yangi Crypto, Yangi Finance ва Yangi Payment) томонидан ташкил этилган. Yangi Group раҳбари сифатида Тимофей Валентинович Смирнов кўрсатилган бўлиб, у аввал тадбиркор Бахтиёр Фазиловга алоқадор бўлган SEG Enera компанияси бош директори бўлиб ишлаган.