Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 18/01/2026

Фарғона вилоятида 14 ёшли қиз бир неча эркак томонидан зўрланди

Ижтимоий тармоқларда 2026 йил 9 январь куни Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида бир неча йигит 14 ёшли қизни зўрлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларда 23 ёшли тўрт нафар йигит қўлга олингани айтилади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хотин-қизлар ва болалар масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Нилуфар Ғиёсова 2026 йил 10 январь куни Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Ушбу жиноят учун 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Унинг маълум қилишича, гумонланувчилар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида қўлга олинган. Суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси тайинланган. Тергов ҳаракатлари Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани офисидан боланинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда жиноят иши тафсилотларини ошкор қила олмасликларини билдиришди: «ОАВда бола ҳақидаги маълумотларнинг кенг тарқалиши жабрланувчининг ҳуқуқларига зарар етказади». Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Сурайё Раҳмонова вазиятни ўз назоратига олган.

2025 йил декабрь ойи охирида Наманган вилоятида 7 ёшли қариндошини зўрлаган 38 ёшли эркак 18 йилга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган эди. Суд уни ўта хавфли рецидивист деб топган.

2025 йилнинг ёзида Ангренда бир қизнинг 14 ёшлигида қариндоши томонидан, бироз вақт ўтгач эса бир гуруҳ йигитлар, жумладан, вояга етмаган шахс томонидан зўрлангани маълум бўлган эди. Қиз ҳимояга олиниб, ихтисослаштирилган тиббиёт марказида шифокорлар назоратида қолмоқда.