Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 17/01/2026

Ўзбекистонда Bayraktar дронлари билан жиҳозланган янги бўлинма ташкил этилди — ДХХ раиси

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов 2026 йил 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ўтган йилги йиғилишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан Президентга ҳисобот берди.

Унинг сўзларига кўра, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини ошириш бўйича кўрсатмалар ижроси доирасида ДХХда бўлинмалар ва давлат хавфсизлиги органларининг жанговар шайлигини такомиллаштириш ҳамда уларни тайёрлаш бўйича тизимли ишлар ташкил этилган.

Давлат чегарасини қўриқлаш тизимига замонавий рақамли ечимларни жорий этиш доирасида чегара чизиғининг 42 фоизи видеокузатув тизими билан жиҳозланди, деб хабар берди Баҳодир Қурбонов. 1117 км масофада оптик толали алоқа линиялари ётқизилган.

ДХХ раиси Чегара қўшинларининг техник жиҳозланиш даражаси ҳақида маълумот берди. «Чегара қўшинлари бронеавтотехника билан 98 фоизга, сузиш воситалари билан 86 фоизга, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан 100 фоизга, электрон-оптик воситалар билан 78 фоизга таъминланган», — деди Қурбонов.

Бундан ташқари, ДХХ бўлинмалари замонавий учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминланди. «Bayraktar учувчисиз учиш аппарати билан тўлиқ жиҳозланган янги махсус бўлинманинг жанговар навбатчилиги йўлга қўйилди», — деди.

Кўрилган чоралар натижасида жанговар тайёргарлик тадбирларининг шиддати ва сифат кўрсаткичлари ошди, деб таъкидлади ДХХ раҳбари.

2023 йил ноябрь ойида Президент Сурхондарёдаги ҳарбий қисмга ташрифи чоғида Bayraktar TB2 дронининг парвози намойиш этилган эди. Давлат раҳбари «учувчисиз учиш аппаратларини қўллашнинг муҳим аҳамияти»ни таъкидлаб, уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш масалаларини муҳокама қилган эди.

Bayraktar TB2 — ички ёнув двигатели ва итарувчи парракка эга бўлган, зарба берувчи тезкор-тактик ўрта баландликдаги учувчисиз учиш аппарати. Осилган 4 та бошқарилувчи ўқ-дори билан дрон ҳавода 12 соатдан 24 соатгача қолиши мумкин. Максимал бошқарув масофаси — 150 км гача. Ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш билан Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоганнинг куёви Селчук Байрактар раҳбарлик қиладиган Baykar Makina хусусий компанияси шуғулланади.

2022 йил январь ойида Ўзбекистон «Лочин» учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эди. Дронлар Давлат мудофаа саноати қўмитаси ҳузуридаги илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу дронлардан ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик эҳтиёжлари учун фойдаланиш мумкин.

Аввалроқ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Президент замонавий хавф ва таҳдидларнинг ўзгариши фонида Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепциясини янгилаш бўйича топшириқ бергани ҳақида ёзган эдик. Янги доктрина Ўзбекистоннинг ҳарбий блокларга қўшилмаслик мақомини сақлашини, кўп томонлама дипломатияга таянишини ҳамда юқори технологиялар, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорликни таъминлашга асосланган стратегияни ривожлантиришни кафолатлаши керак, деди давлат раҳбари.