
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 14 январь куни энергия самарадорлигини ошириш ва электр таъминоти соҳасига бозор механизмларини жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Халқаро экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистон энергия сарфи энг юқори бўлган мамлакатлар қаторига киради: якуний энергия истеъмолининг қарийб 50 фоизи бинолар ҳиссасига тўғри келади, шу билан бирга, ҳар бир квадрат метрга тўғри келадиган энергия сарфи Европадагига қараганда бир неча баравар юқори.
Ушбу муаммони ҳал қилиш учун ўтган йили алоҳида агентлик ташкил этилган бўлиб, унинг вазифаси иқтисодиётда энергия истеъмолини 2030 йилгача камида 20 фоизга, давлат ва ижтимоий муассасаларда эса 15 фоизга камайтиришдан иборат.
Тақдимотда агентликнинг 2026 йилга мўлжалланган иш режалари кўриб чиқилди.
Мамлакатдаги биноларнинг аксарияти ўтган асрнинг 60–70-йилларида қурилган бўлиб, уларда энергия йўқотиш даражаси юқори.
«Шу боис ижтимоий соҳа объектлари ва турар жой массивларининг энергия самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишларни бошлаш режалаштирилган. Жорий йилда ушбу мақсадлар учун 150 миллиард сўм субсидия ва компенсация йўналтирилади», дейилди йиғилишда.
Мамлакатда 30 мингдан ортиқ бўлган ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини оширишга халқаро молия институтлари ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилмоқда.
Жумладан, жорий йилги инвестиция дастури доирасида 770 та ижтимоий соҳа объекти энергия самарадорлиги стандартлари асосида модернизация қилинади. Бунга 264 миллион доллар миқдоридаги халқаро маблағлар сафарбар этилади.
Масъулларга биноларни қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилишда энергия самарадорлиги стандартлари ва таъсирчан қоидаларни ишлаб чиқиш топширилди.
Марказлаштирилган иссиқлик таъминоти муаммоларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энергия йўқотишларининг юқори даражаси қозонхоналар ва иссиқлик тармоқларининг бир қисми эскирганлиги билан боғлиқлиги айтилди. 2026 йилда қозонхоналар ва иссиқлик тизимларини модернизация қилиш ҳамда уларни ёпиқ тизимга ўтказиш доирасида 400 та якка тартибдаги иссиқлик пунктларини ўрнатиш ва камида 100 км иссиқлик тармоқларини янгилаш режалаштирилган.
Саноат секторида энергия самарадорлигини ошириш режалари белгилаб олинди. Хусусан, жорий йилда 142 та тўқимачилик корхонасида қуёш панелларини ўрнатиш мўлжалланмоқда. Бу корхоналарга 722 миллион кВт-соат электр энергияси ва 693 миллиард сўм маблағни тежаш имконини беради. Ичимлик суви таъминоти тизимидаги 300 та насосни модернизация қилиш режалаштирилган. Тақдимотда, шунингдек, электр энергияси соҳасига рақобатбардош бозор механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
2026 йил паст кучланишли тармоқларни хусусий секторга топшириш бошланади. Аввал бу Самарқанд вилоятида амалга оширилади, кейинги босқичда эса ушбу амалиётни Андижон, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрига ёйиш режалаштирилган. Бу тармоқларни янгилашга инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ноябрь ойида Туркиянинг Aksa Enerji компанияси Самарқанд вилоятининг тақсимлаш электр тармоқларини бошқариш ва модернизация қилиш бўйича халқаро тендерда ғолиб чиққан эди. Компания 30 йиллик бошқарув давомида 1 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда.

