
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 2026 йил 13 январь куни бўлиб ўтган мажлисда Оила кодексига болаларга фамилия бериш тартибига оид ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Адлия вазири ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, амалиётда ота-оналар ўз фарзандларига бобосининг исми бўйича фамилия беришни истамайдиган ҳолатлар учраб туради. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатлар болалар уйида тарбияланганлар орасида, шунингдек, катта ёшдаги қариндошлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолларда кузатилмоқда.
«Ҳар куни 10–15 нафар ота-она бола туғилганидан бироз вақт ўтгач, унга ўзлари хоҳлаган фамилия ва исмни расмийлаштириш учун туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритади. Биз Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, Туркманистон халқаро тажрибасини ўргандик, у ерда болага отасининг ёки бобосининг исми бўйича фамилия бериш имконияти кўзда тутилган», — деди вазир ўринбосари.
Унинг айтишича, отасининг исми бўйича фамилия бериш имкониятининг йўқлиги қонунчилик нормаларининг турлича талқин қилинишига олиб келмоқда ва фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда.
Депутат Зафар Худойбердиев ушбу ўзгартиришларни қўллаб-қувватлашини билдириб, фамилия қўшимчалари (суффикслари) ҳақида ҳам ўйлаб кўришни таклиф қилди.
«Қирғизистонда болаларга ўғил болалар учун „ўғли“, қиз болалар учун „қизи“ қўшимчалари билан фамилия берилади, Тожикистонда фамилиялар ёки оталарнинг исмлари „-ов“, „-ова“, „-ев“, „-ева“ қўшимчаларисиз ёзилади. Фракцияда ушбу масалани кўтариб, аниқлаштирганимда, бир қатор қўшни давлатларда бундай нормалар қонунчиликда тўғридан-тўғри мустаҳкамлангани маълум бўлди», — деди депутат.
Зафар Худойбердиев қўшимча қилишича, Ўзбекистонда болаларга фамилия беришда қўлланиладиган қўшимчалар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади, бироқ у ерда ҳам улар етарлича аниқ шакллантирилмаган.
«Агар мавжуд амалиётдан келиб чиқилса, „-ов“, „-ова“, „-ев“, „-ева“ қўшимчалари қўлланилганда, одатда [рўйхатга олувчи орган томонидан] эътирозлар туғилмайди. Бироқ фамилия „-ий“ қўшимчаси билан, масалан, „Зафарий“ ёки „Зафарзода“, „Зафаршоҳ“ шаклида ҳосил қилинса, дарҳол эътирозлар бошланади, „бу нотўғри, бундай номлаш мумкин эмас“ деб айтишади», — деди депутат.
Унинг фикрича, болага фамилия беришда фуқароларнинг эътирозларини камайтириш учун қўшимчалар ҳақидаги нормаларни қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш зарур.
Ўзбекистон Оила кодексининг 69-моддасига биноан, боланинг фамилияси ота-онасининг фамилиясига қараб белгиланиши, шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра, миллий анъаналарга мувофиқ ота ёки она томонидан бўлган бобосининг исмидан ҳосил қилиниши мумкин. Қонун тасдиқланган тақдирда, ушбу моддага қўшимча киритилади.

