Пуллик автотураргоҳ жойлашуви ҳақида ёзгандик ва эндиликда, автотураргоҳ учун мўлжалланган 86 та майдонни ижарага олиш ким ошди савдосига қўйилди ва 25 ноябрга қадар давом этади.
Аукционда 1 таклиф билан умумий майдони 262.8 минг м.2 бўлган ҳудудлар қўйилган. Жойлашуви бўйича Тошкентнинг барча туманларидаги маълум кўчалар ва майдонларни ўз ичига олган. Асосан, йўл ёқасидаги кўчалар.
Нархлар бўйича ҳам хабар бергандик. Автотураргоҳ жойлашган туманга қараб, 1 соати учун 5.000 сўмдан 12.000 сўмгача.
Ким ошди савдоси ғолибига майдонлар 3 йил муддатга ижарага берилади ва камида 5 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш талаби қўйилади. Киритиладиган сармоя, автотураргоҳларни бошқариш учун керакли бўладиган техника, коммуникацияларга улаш ва ҳоказоларга йўналтирилиши мўлжалланган.
Сармоядор ижарага олинган автотураргоҳлар 24/7 ишлашини ва олинган ҳудудлар тозалигини таъминлаш талаблари ҳам қўйилган. Ундан ташқари, ким ошди савдоси ғолиби, Тошкент ҳокимияти қошидаги “Пуллик автотураргоҳ” тизими, яъни “Ташкент инвест” компанияси билан шартнома имзолаши ва 120 кун давомида автотураргоҳларни ривожлантириш таклифини киритиши керак бўлади.
Автотураргоҳлардан келадиган умумий тушумнинг 1/12 қисмини Тошкент шаҳри йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш фондига йўналтириш талаби қўйилган. Ижарага олинган ҳудудда бошқа турдаги объектлар қуриш тақиқланади.
Ҳозирда, ким ошди савдосидаги 1 йил ижара нархи (барча ҳудудлар 1 та таклиф билан) 57.21 млрд сўмни ташкил қилмоқда ва юқорида айтиб ўтганимиздек, 25 ноябрь куни якунланади.