
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2025 йил 13 декабрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида депутатлар Самарқанд туманини тугатиш ва Самарқанд шаҳри ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилдилар. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Шаҳар чегараларининг янгиланиши «Самарқандни «миллионлик шаҳар»га айлантириш, замонавий меъморий ечимларга эга турар ва нотурар жой биноларини барпо этиш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, шунингдек, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш орқали муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида» амалга оширилмоқда, деб қайд этди Қонунчилик палатаси.
Ҳужжатга кўра, Самарқанд тумани мустақил маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилади.
Самарқанд шаҳри таркибига Оқдарё туманидан 1410,6 гектар, Пастдарғом туманидан 1242,3 гектар, Самарқанд туманидан 13 308 гектар, Тойлоқ туманидан 1265,6 гектар ер майдонлари ўтказилади.
Шу билан бирга, шаҳарнинг 518 гектар ва Самарқанд туманининг 1551 гектар ерлари Пастдарғом тумани таркибига, Самарқанд туманининг 28 295 гектар ерлари эса Тойлоқ тумани таркибига ўтказилади. Шаҳар ва туманлар таркибига ўтказилаётган ер фонди тоифалари ўзгаришсиз қолади.
Шу тариқа, Самарқанд ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгаяди, аҳоли сони эса 604 мингдан 882 минг кишигача кўпаяди.
«Ширин» шаҳарчаси, «Темир йўл орти» ҳудуди ва «Қорасув-2» массивида янги турар жой мажмуалари қурилиши доирасида 309 минг киши истиқомат қилишига мўлжалланган 710 та кўп квартирали уйлар барпо этилиши режалаштирилган.
Қонунчилик палатаси маълумотларига кўра, Самарқандда янги туристик лойиҳалар амалга оширилади, ўйин майдончалари, аквапарк, ҳаво шарларида учиш зоналари, истироҳат боғлари ва бошқа кўнгилочар туризм ҳамда ҳордиқ чиқариш объектлари ташкил этилади. Шунингдек, янги яшил ҳудудлар, хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари ва логистика марказлари шакллантирилади.
Қарор лойиҳаси аввалроқ маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамда халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари даражасида муҳокама қилиниб, чегараларнинг харитавий тасвири ва таснифи маъқулланган эди.
2025 йил ноябрь ойидаги йиғилишда Ўзбекистон президенти Самарқандга 17,5 минг гектар ерни қўшиб олиш таклиф этилаётганини айтган эди. Ўшанда юқорида қайд этилган туманлардан ташқари, Пайариқ тумани ерларини ҳам шаҳарга қўшиш режалаштирилган эди, бироқ якуний ҳужжатда улар кўрсатилмаган.

