
Ўзбекистон Олий суди экстремизм, терроризм ва ақидапарастлик ғоялари мавжуд деб топилган материалларнинг янгиланган рўйхатини (2026 йил 10 январь ҳолатига кўра) эълон қилди. Ушбу материалларни мамлакатга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади.
Рўйхатга 1600 га яқин каналлар, саҳифалар ва материаллар киритилган бўлиб, улар орасида Facebook (249), Instagram (265), YouTube (167), «Одноклассники» (36), TikTok (53) ижтимоий тармоқлари, шунингдек, Telegram мессенжери (790) мавжуд. Бундан ташқари, рўйхатда турли веб-сайтлардаги матн, аудио ва видео шаклидаги материаллар ҳам келтирилган. Бунгача мазкур рўйхат 2 сентябрь куни эълон қилинган бўлиб, ундан 1400 дан ортиқ материал ўрин олган эди.
Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, рўйхатга киритилган материалларни намойиш этиш, тарқатиш ва сақлаш тақиқланади, улардан фойдаланиш эса чекланиши лозим. Жиноят кодексига биноан, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Олий суд фуқароларга, хусусан, ота-оналар ва ёшларга мурожаат қилиб, ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушмаслик учун рўйхатдаги материаллардан йироқ бўлишга чақирди: «Улар сизнинг ҳаётингиз ва орзуларингизни барбод қилишига асло йўл қўйманг».

