
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Италиянинг янги тайинланган элчиси Гвидо де Санктисдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди, деб хабар берди ТИВ раҳбари ўз Telegram-каналида.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликни, хусусан, савдо-инвестиция ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Улар шерикликни ривожлантириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
«Тошкентдаги миссиямни бир вақтнинг ўзида Тожикистонда ҳам аккредитациядан ўтган ҳолда бошлаш мен учун катта шараф. Мен сиёсий мулоқотни, иқтисодий, илмий ва маданий ҳамкорликни, институционал алмашинувларни мустаҳкамлаш, шунингдек, корхоналар ва фуқаролар учун имкониятларни, жумладан, «Италия — Марказий Осиё» ташаббуси доирасида кенгайтириш устида ишлайман», — деди янги элчи тайинланганидан сўнг.
Гвидо де Санктис Римдаги LUISS университетининг сиёсий фанлар факультетини тамомлаган ва 1991 йилда дипломатик хизматга кирган. У Италиянинг Ливия, Украина, Швейцария ва Россиядаги элчихоналарида, шунингдек, Италия ТИВ тузилмасида фаолият юритган.
Шунингдек, у Италиянинг Қатардаги элчиси бўлиб хизмат қилган, ЕХҲТнинг Албаниядаги миссияси координатори ва кейинчалик Италия мудофаа вазирининг дипломатик маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. 2026 йил 5 январдан Тошкентда ўз фаолиятини бошлади.
Қайд этиш жоизки, 2025 йил декабрь ойи ўрталаридан буён Италиянинг Тошкентдаги элчихонасида фуқароларни қабул қилиш, хусусан, консуллик дарчаси ва виза бўлими иши тўхтатилган. Бунга «элчихона биносининг фойдаланишга яроқлилиги билан боғлиқ форс-мажор ҳолати» сабаб қилиб кўрсатилган. Қабул қайта тикланиши вақти ҳақида қўшимча маълумот берилиши режалаштирилган.