«Нима учун биз таъсир доирамиздаги бошқа нуқталарда ҳам МҲО бошлай олмаймиз?» — Владимир Соловьёв

Россиялик телекўрсатув бошловчиси Владимир Соловьёв Арманистон ва Марказий Осиёни Россиянинг таъсир доиралари деб атади ва уларнинг «бой берилиши» мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солишини таъкидлади. У бу ҳақда «Соловьёв Live» кўрсатувининг 2026 йил 10 январдаги сонида маълум қилди.

Соловьёв АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳарбий операцияси ва Эрондаги норозилик намойишларига тўхталар экан, шундай деди: «Дунё ўзини аниқ намоён этди. Америка бор ва у: „Бу меники. Менга қонунларнинг фарқи йўқ… Менга Гренландия керак, уни оламан… Менга Венесуэла керак, уни оламан“, демоқда».

Унинг сўзларига кўра, Кремлнинг асосий вазифаси «бу ерда [РФда] Эрон ёки Венесуэла такрорланмаслигидир», шу боис «ортиқча нарсалар кетиши керак».

«Биз ҳозир Сурия ёки Венесуэла билан эмас, балки бошқа ишлар билан шуғулланишимиз керак. Позицияларимизни бой бермаслигимиз лозим, лекин биз учун энг муҳими — яқин хориж мамлакатларимиздир. Арманистонда содир бўлаётган воқеалар биз учун Венесуэладагидан кўра анча оғриқлироқ. Арманистонни бой бериш — мана шу улкан муаммо. Бизнинг Осиёда, Ўрта Осиёда, уларни айтганидек Марказий Осиёдаги муаммолар — мана шу биз учун гигант муаммо бўлиши мумкин», — деди Соловьёв.

У Россия ўз «мақсад ва вазифаларини жуда аниқ ифодалаши» ҳамда «ўйинлар тугаганини» тушунтириши кераклигини қайд этди.

«Халқаро ҳуқуқ ва халқаро тартибга тупуриш керак. Агар биз ўз миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида МҲО бошлашимиз зарур бўлган бўлса, нима учун худди шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, таъсир доирамиздаги бошқа нуқталарда ҳам МҲО бошлай олмаймиз? Балки бизга миллий доктринамизни шакллантириш ва таъсир доирамиз қаерда эканини аниқ айтиш керакдир. Шунда ҳаммаси тушунарли бўлади», — деди бошловчи.

Соловьёвнинг ушбу баёноти юзасидан ҳозирча Ўзбекистон давлат органларидан расмий шарҳ берилмади.

2023 йил декабрь ойида россиялик ёзувчи ва «Адолатли Россия» партияси ҳамраиси Захар Прилепин Ўзбекистон ва собиқ Иттифоқнинг бошқа ҳудудларини Россияга қўшиб олишни таклиф қилган эди. Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги РФ элчисини чақиртириб, Прилепиннинг сўзлари атайлаб қилинган провокацион хусусиятга эга экани ва икки давлат халқлари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган эди.