
Электрон рецептларнинг жорий этилиши ўзбошимчалик билан даволаниш, жумладан, антибиотикларни назоратсиз қабул қилиш кўламини сезиларли даражада камайтиришга ҳамда даволаш жараёнининг барча иштирокчилари масъулиятини оширишга хизмат қилади. Бу ҳақда 2025 йил декабрь ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз юритилди.
Электрон рецептлар тизими Тошкент шаҳри ва бир қатор синов ҳудудларида 2025 йил 12 декабрдан ишга туширилди. Бироқ тиббиёт муассасалари, дорихоналар ва аҳоли бунга тўлиқ тайёр эмаслиги маълум бўлди. 15 декабрь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат ва хусусий сектор мутахассислари билан маслаҳатлашувлар ҳамда фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда, тизимни бирданига эмас, балки босқичма-босқич ва «максимал даражада силлиқ ҳамда тушунарли» тарзда жорий этишга қарор қилинганини билдирди.
Биринчи босқич антибиотиклар, синтетик антибактериал препаратлар ва тизимли таъсирга эга гормонал препаратларни қамраб олди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўша куни, яъни 2025 йил 15 декабрда чиқарилган буйруғида айтилган.
Ўзбекистонда рецепт билан бериладиган дориларни сотиш аввал ҳам фақат рецепт мавжуд бўлганда мажбурий эди, бироқ бу талабга амал қилинмас эди.
Соғлиқ сақлашни рақамлаштириш бўйича Uzinfocom ягона интегратори директори Руслан Султанов таъкидлашича, тизимни рақамлаштиришдан мақсад — дориларни тайинлаш ва олиш жараёнини тартибга солиш, улардан фойдаланишни мониторинг қилиш, касалликлар ўсиши ва юзага келиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар статистикасини юритиш. Бу, шунингдек, қалбаки дорилар айланмасига чек қўйиши лозим. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда маркировкасиз сотилаётган дориларнинг 30 фоиздан ортиғи қалбаки маҳсулотлар.
«Форс-мажор ҳолатларида шифокорнинг имзоси ва муҳри туширилган махсус бланкадаги (ССВ буйруғи билан тасдиқланган) қоғоз рецептлардан фойдаланишга йўл қўйилади, бироқ нормал иш тартибида бу дорилар фақат электрон рецепт асосида берилиши керак», — деди Uzinfocom вакили. Буйруққа кўра, бундай ҳолатларга тиббиёт муассасасида электр энергияси ёки интернет узилиши, шунингдек, тизимдаги техник носозликлар киради. «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимига ҳали интеграция қилинмаган муассасаларга 1 мартгача қоғоз рецептлардан фойдаланишга рухсат берилган. Препарат рецепт билан ёки рецептсиз сотилишини dori.ssv.uz сайтида ёки My.Gov.uz порталида текшириш мумкин.
«Ўзбошимчалик билан даволаниш кўламини қисқартириш»
«Бу тизим дори воситалари беморнинг ўзи, қўшнилари ёки сунъий интеллект томонидан эмас, балки айнан тиббиёт ходимлари — беморни кўрикдан ўтказган ва Ўзбекистонда тасдиқланган клиник стандартларга асосланган ҳолда даво чораларини белгилаган шифокорлар томонидан тайинланиши учун зарур», — деди Тошкент шаҳар Яшнобод тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Галина Дурманова.
Унинг қайд этишича, электрон рецептлар тизимининг жорий этилиши ўзбошимчалик билан даволаниш ва, хусусан, антибиотикларни назоратсиз қабул қилишни сезиларли даражада камайтиради. Бу эса терапия самарадорлиги пасайишининг олдини олади. Галина Дурманова пойтахтдаги давлат тиббиёт муассасаларида электрон рецепт тизими аллақачон тўлиқ қувват билан ишлаётганини таъкидлади. Тошкентда 1 ноябрдан бери электрон рецептлар синов тартибида бериб келинмоқда ва тизим ўз ҳаётийлигини кўрсатди.
Электрон карта ва даволашнинг узвийлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рақамли технологияларни жорий этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Наврузбек Аллаберганов тизимнинг асосий элементи ПИНФЛ асосида ҳар бир фуқаро учун шакллантириладиган электрон тиббий карта эканини айтди. Ўтган йил якунига кўра, 37,6 миллиондан ортиқ электрон тиббий карта шакллантирилган бўлиб, бу мамлакат аҳолисини деярли тўлиқ қамраб олади. Картада бемор ҳақидаги барча маълумотлар: ташхислар, касаллик тарихи, ёзиб берилган рецептлар, лаборатория таҳлиллари натижалари жамланади. Уларни DMED мобил иловаси орқали кўриш мумкин.
Тиббий маълумотлардан фойдаланиш қатъий чегараланган. Фармацевтлар фақат дорини бериш учун зарур бўлган маълумотларни кўрадилар, касаллик тарихини эса фақат даволовчи шифокор тўлиқ кўра олади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассиси Мавлюда Гиясованинг сўзларига кўра, янги тизимнинг муҳим афзаллиги даволашнинг узвийлиги. Бемор давлат ёки хусусий клиникада даволанишидан қатъи назар, барча маълумотлар тиббий картада кўринади. Шифокор, шунингдек, тайинланган дорилар ҳақиқатан ҳам дорихонадан олинган-олинмаганини ҳам кўриши мумкин.
Мавлюда Гиясова тизимни яратишда полипрагмазия — ҳаддан ташқари кўп дори тайинлаш хавфи ҳисобга олинганини таъкидлади. Энди битта рецептда халқаро патентланмаган номлар бўйича 5 тадан ортиқ дори кўрсатилиши мумкин эмас. Қўшимча дорилар фақат консилиум қарори билан тайинланади. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, баъзи ҳолларда беморларга рухсат этилган 5 та ўрнига 8-10 тагача дори ёзиб берилган.
Сурункали касалликлари бор беморлар учун дорилар бир йўла 60 кунгача, айрим ҳолларда эса 90 кунгача бўлган муддатга ёзиб берилиши мумкин. Стационар шароитда даволанаётганлар учун электрон рецепт фақат зарур дори муассасада бўлмаган тақдирдагина расмийлаштирилади.
«Босқичма-босқич жорий этиш керак эди»
Аҳолининг электрон рецептлар тизимидан норозилигига изоҳ берар экан, Руслан Султанов тизимни босқичма-босқич жорий этиш лозим бўлганини тан олди. Кўплаб беморлар учун бу янгилик кутилмаган ҳол бўлди.
«Дастлаб алоҳида тоифаларни — масалан, антибиотикларни ажратиб олиш, сўнгра бошқа дориларни босқичма-босқич улаш керак эди», — деди у. Руслан Султановнинг сўзларига кўра, дастлабки 10 кун ичида DMED иловаси 5 миллиондан ортиқ марта юклаб олинган. 1003 колл-марказига юклама ҳам юқори бўлган.
Электрон соғлиқни сақлаш тизимлари киберхавфсизлик бўйича уч босқичли экспертизадан ўтган ва Tier III даражали маълумотларни қайта ишлаш марказига жойлаштирилган.
Ҳаракати чекланган фуқароларга қандай ёрдам берилади?
Кекса ва ётиб қолган беморлар учун оилавий шифокорлик бригадалари модели ишлаб чиқилган. Патронаж ҳамширалари улар билан доимий алоқада бўлади, зарур ҳолларда шифокор уйга боради. Бундай ҳолларда электрон рецепт DMEDPro мобил иловаси орқали шакллантирилади. Дориларни дорихонадан беморнинг яқин қариндошлари ёки вакиллари олиши мумкин.
Бундан ташқари, Тошкентда реимбурсация дастури ишламоқда. Сурункали касаллиги бор беморлар 28 турдаги дориларни электрон рецепт асосида бепул олмоқдалар.
Кейинги босқичлар
Электрон рецепт орқали бериладиган дорилар рўйхати кейинчалик босқичма-босқич кенгайтирилади. Психотроп ва наркотик воситалар ҳозирча махсус қоғоз бланкаларда берилади, уларнинг электрон рецептга ўтиши 2027 йилгача кўриб чиқилади.
Электрон рецептлар тизимини республика бўйлаб тўлиқ жорий этиш 2026 йил якунигача якунланиши режалаштирилган. Бу муддат тиббий суғурта тизимининг тўлиқ ишга тушиши билан мувофиқлаштирилган. Айнан тиббий суғурта ва электрон рецептларнинг боғлиқлиги барқарор тизимни яратишга имкон беради, деди Руслан Султанов.

