
Бухоро вилояти Қоракўл туманида ёшлар бир вақтнинг ўзида таҳсил оладиган ва яшайдиган ўқув марказининг 20 нафар абитуриенти 2026 йил 11 январь куни соғлиғи ёмонлашгани сабабли шифохонага ётқизилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида айтилишича, ўқув марказига тез тиббий ёрдам чақиртирилган, шундан сўнг ўқувчилар вилоят тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.
Беморлардан қон таҳлиллари олиниб, касаллик сабабини аниқлаш учун экспертизалар тайинланган. Вилоят ҳокими топшириғига биноан мутахассислар ўқув марказига ташриф буюриб, у ерда ҳам таҳлиллар олишган.
Хабарга кўра, ўша куни кечқурун барча ёшлар уйига жавоб берилган, уларнинг аҳволи қониқарли. Уларни вақтинчалик кузатиб бориш учун оилавий шифокорлар ва патронаж ҳамширалари бириктирилган.

