
2026 йил 10 январь куни Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) қирғоқларида Хитой, Россия ва Эрон иштирокида бир ҳафталик қўшма ҳарбий-денгиз машғулотларига старт берилди. Мезбон мамлакат ушбу тадбирни «БРИКС плюс» операцияси деб атаб, унинг асосий мақсади кемалар қатнови ва денгиздаги иқтисодий фаолият хавфсизлигини таъминлаш эканини таъкидлади.
«БРИКС плюс» — бу Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАРдан иборат бўлган, АҚШ ва Ғарбнинг иқтисодий ҳукмронлигига қарши куч сифатида кўриладиган геосиёсий блокнинг кенгайтирилган формати. Эндиликда ушбу блок таркибига яна 6 та давлат қўшилган.
ЖАР мунтазам равишда Хитой ва Россия билан ҳарбий машқлар ўтказиб келади. Бироқ бу галги машғулотлар АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти ва бир қатор БРИКС мамлакатлари, жумладан Хитой, Эрон, ЖАР ва Бразилия ўртасидаги муносабатлар кескинлашган даврга тўғри келди.
Кенгайтирилган БРИКС гуруҳига Миср, Индонезия, Саудия Арабистони, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам киради. Хитой ҳарбий расмийларининг маълум қилишича, очилиш маросимида Бразилия, Миср ва Эфиопия вакиллари кузатувчи сифатида қатнашган.
ЖАР Қуролли кучлари баёнотида айтилишича, «Тинчлик иродаси — 2026» машғулотлари БРИКС мамлакатлари ҳарбий-денгиз кучларини денгиз хавфсизлиги бўйича қўшма операцияларни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бирлаштиради. Қўшма операциялар матбуот котиби вазифасини бажарувчи лейтенант-полковник Мпхо Матебуланинг Reuters агентлигига билдиришича, блокнинг барча аъзолари машқларга таклиф этилган.
Дональд Трамп БРИКС давлатларини «Америкага қарши» сиёсат юритишда айблаб келади. 2025 йилнинг январь ойида у ушбу блок аъзоларига нисбатан дунё бўйлаб жорий этилган божлардан ташқари, яна қўшимча 10 фоизлик савдо тарифи қўллаш билан таҳдид қилган эди.
ЖАР президенти Сирил Рамапоса коалициясидаги иккинчи йирик куч бўлган Ғарбпараст «Демократик альянс» партияси ушбу машқларни танқид қилди. Партия вакилларининг фикрича, бу ҳаракатлар мамлакатнинг бетарафлик мақомига зид келади ва ЖАРни халқаро майдондаги кучлар ўйинида «қўғирчоқ»қа айлантириб қўяди.
Ўз навбатида, ҳарбий расмий Мпхо Матебула бу танқидларни рад этди. «Бу сиёсий келишув эмас ва АҚШга нисбатан ҳеч қандай адоват мавжуд эмас», деди у ва ЖАР вақти-вақти билан АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари билан ҳам қўшма машқлар ўтказиб туришини эслатиб ўтди.