Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Ўзбекгидроэнерго»га компания собиқ раҳбарининг ўғли Ислом Абдураҳмонов раҳбар бўлди

Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов уч йил муддатга «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда компания 2026 йил 9 январь куни хабар берди. Қарор 8 январь куни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинган.

Аввалроқ, 2025 йил 17 декабрь куни компания кузатув кенгаши олдинги раҳбар Абдуғани Сангиновнинг «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси лавозимига ўтгани муносабати билан Ислом Абдураҳмоновни раис вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаган эди. Ислом Абдураҳмонов Абдуғани Сангиновнинг ўғли ҳисобланади.

«Ўзбекгидроэнерго» маълумотларига кўра, Ислом Абдураҳмонов «электр энергетикаси», «электр таъминоти» ва «иқтисодчи» мутахассисликлари бўйича таҳсил олган.

У 2008–2012 йилларда Москва энергетика институтида ўқиган, 2013–2015 йилларда Тошкент давлат техника университети магистратурасини, 2017–2021 йилларда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган.

2014–2015 йилларда Толимаржон ИЭСни модернизация қилиш лойиҳасининг ишлаб чиқариш-техник бўлимида муҳандис, участка устаси бўлиб ишлаган, 2016–2017 йилларда Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ишлаб чиқариш-техник хизмати муҳандиси, 2017–2018 йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция»нинг Тошкент шаҳар бўлими инспектори бўлган. 2018 йилдан буён To‘palang HPD Holding бош директори лавозимида ишлаб келаётган эди.