
2025 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистондаги 1,16 миллиондан ортиқ муҳтож оилалар 1,2 триллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам олди, деб хабар берди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати.
Ушбу маблағлар ҳисобидан улар иситиш мавсуми учун кўмир захирасини яратиш, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ тўловларини амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга энергия ресурсларининг истеъмол базавий меъёри доирасидаги ва базавий меъёрдан юқори бўлган нархлари ўртасидаги фарқ, яъни базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган қисми учун компенсация тўланади: электр энергияси бўйича — ойига 150 кВт·соатгача, табиий газ бўйича — иситиш мавсумида 250 куб метргача (иситиш мавсумидан ташқари ойларда — 150 куб метр).
2025 йил 1 майдан бошлаб базавий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун 562,9 мингта муҳтож оилага 41,6 миллиард сўм миқдорида компенсация тўловлари берилди. Шундан 30 миллиард сўми электр энергияси, 11,6 миллиард сўми эса табиий газ харажатларини қоплашга йўналтирилган.
2024−2025 йиллардаги иситиш мавсумида базавий меъёрдан ортиқ электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун 207 962 та муҳтож оилага жами 23,3 миллиард сўмлик компенсация тўловлари тақдим этилди.
Президент қарорига мувофиқ, давлат томонидан муҳтожларга ушбу фарқни қоплаб бериш даври 2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелгача этиб белгиланган.
Қуйидаги оилалар компенсация олиш ҳуқуқига эга:
- Ягона ижтимоий ҳимоя тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам оладиган оилалар (жон бошига ойлик даромад 669 минг сўмдан кам бўлганда);
- Кам таъминланган оилалар реестрига киритилганлар (даромад жон бошига 1,155 миллион сўмдан кам);
- Реестрларга киритилмаган, лекин муҳтож деб топилганлар (мулки чекланган ва оила аъзосига тўғри келадиган даромад 1 миллион сўмдан кам);
- Даромади оиланинг ҳар бир аъзосига минимал истеъмол харажатларининг 1,5 бараваридан (1,003 миллион сўм) юқори бўлмаган оилалар.

