
Янгийўлда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган шахс қўлга олинди, деб хабар берди Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси.
«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти 2026 йил 2 январь куни обуначилардан бири юборган видеони эълон қилди. Хабарда айтилишича, эркак гўштидан фойдаланиш мақсадида ўз итини ўлдирган. Кўнгиллилар Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, ҳайвонга нисбатан зўравонлик қилган шахснинг кимлигини аниқлашни ва уни қонун доирасида жавобгарликка тортишни сўрашган.
Ekolog.uz жамоатчилик ташкилотининг Telegram-канали 2026 йил 7 январь куни ўтказилган текширувлар якуни бўйича Янгийўл туманида яшовчи фуқаро бу каби ҳаракатларни мунтазам равишда содир этиб келгани, итларни, жумладан, ўзиники бўлганларини ҳам ўлдириб, гўштини истеъмол қилгани ҳақида хабар берди.
«Воқеа жойига кўнгиллилар ва зооҳимоячилар маҳалла профилактика инспекторлари билан биргаликда етиб келишганда, уйда унинг онаси ва синглиси ҳам бўлган. Улар содир бўлган воқеадан қаттиқ изтиробга тушишган. Онаси ўғлининг бундай ишларга қодирлигига охиригача ишонишни истамаган. Ҳатто видеоёзувлар кўрсатилганидан кейин ҳам у содир бўлган воқеани инкор этишда давом этган», — деб хабар берди экофаоллар.
ИИББ маълумотларига кўра, видеода акс этган итнинг ўлдирилиши 2025 йилнинг сентябрь ойида содир бўлган. Ички ишлар органлари ходимлари Янгийўлдаги «Сабо» маҳалласида яшовчи 27 ёшли шахсни қўлга олишди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан материаллар расмийлаштирилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача (4,12 млн сўм) жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Вилоят ИИББ фаол фуқаролик позициясини кўрсатган шахсларга миннатдорлик билдирди.

