Тошкентда йўналишли такси ҳайдовчиларидан пул талаб қилган шахслар қўлга олинди

Тошкент шаҳрида такси ҳайдовчиларидан пул ундириб келган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, деб хабар берди ИИВ матбуот хизмати. Гумонланувчилар Тошкент вилояти ва пойтахтнинг Яшнобод тумани ўртасидаги йўналишда хизмат кўрсатувчи ҳайдовчиларга таҳдид қилиб, ушбу йўналишдан фойдаланганлик учун ҳар ойда ноқонуний «бадал» пулини мажбурий равишда йиғиб келишган.

ИИВ маълумотларига кўра, гуруҳга муқаддам безорилик учун уч марта судланган, «Бычок» лақаби билан танилган 37 ёшли Шерзод Алимқулов раҳбарлик қилган. У илгари шериклари билан бирга Damas ҳайдовчисини калтаклаб, автомобилини тортиб олгани маълум.

Гуруҳ ҳайдовчиларнинг қатновларни амалга оширишига тизимли равишда тўсқинлик қилган. Уюшган жиноий гуруҳ фаолияти ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган аризачига ҳам ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилиш орқали босим ўтказилган. Тергов маълумотларига кўра, у йўналишда икки ой давомида қатнаш учун 810 доллар миқдорида аванс тўлашга мажбурланган, кейинги тўловлар амалга оширилмаган тақдирда унинг ишлашига тўсқинлик қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ушбу гуруҳ ҳаракатларидан жабр кўрган барча фуқароларни ички ишлар органларига ёки 102 рақамига мурожаат қилишга чақиради. Ҳуқуқ-тартибот идоралари аризачиларнинг шахси сир сақланишини кафолатлайди.