
Россия қўшинлари «Россия президентининг Новгород вилоятидаги қароргоҳига Киев режими томонидан уюштирилган ҳужумга жавобан» 2026 йил 9 январга ўтар кечаси Украина ҳудудига, жумладан, «Орешник» ракета мажмуасидан фойдаланган ҳолда «оммавий зарба» берди, деб баёнот берди Россия Мудофаа вазирлиги.
Ҳарбий идоранинг таъкидлашича, «зарба мақсадларига эришилди», жумладан, ҳужум учун ишлатилган дронларни «ишлаб чиқариш объектлари» ва Украина ҳарбий-саноат мажмуаси ишини таъминловчи энергетика инфратузилмаси объектлари вайрон қилинган.
Россия Украинага қарши иккинчи бор «Орешник» ўрта масофали баллистик ракетасини қўллади. Россия илк бор Украинага «Орешник» билан 2024 йил ноябрь ойида ҳужум қилган эди. Ракета ядровий каллакларни ташишга қодир, бироқ тунги ҳужумда ишлатилган «Орешник» улар билан жиҳозлангани ҳақида ҳеч қандай тасдиқ йўқ, деб қайд этади Reuters.
Украина Қуролли Кучлари (УҚК) Ҳаво кучларининг «Ғарб» қўмондонлиги 8 январь куни соат 23:47 да Россия қўшинлари Львовдаги инфратузилма объектларига баллистик ракета қўллаган ҳолда зарба берганини тасдиқлади.
«Ҳаво нишони баллистик траектория бўйлаб соатига тахминан 13 минг километр тезликда ҳаракатланган», дейилади хабарда. Ракета тури унинг барча қисмлари ўрганиб чиқилгандан сўнг аниқланади, дея аниқлик киритди қўмондонлик.
Львов мэри Андрей Садовойнинг сўзларига кўра, бу кенг кўламли уруш бошланганидан бери Львовга бу турдаги ракета қўлланишининг биринчи ҳолати. «Шаҳар Европа Иттифоқи билан чегарадан 70 километрдан камроқ масофада жойлашган. Бу халқаро шерикларимиз учун аниқ сигнал: Россия уруши ҳеч қандай чегаралар олдида тўхтамайди», деб таъкидлади.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россиянинг Львов вилоятига «Орешник» билан зарба бергани сабабли Киев БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Украина-НАТО Кенгашининг зудлик билан йиғилишини ташаббус қилишини маълум қилди.
Тунги ҳужум давомида Россия армияси Украина бўйлаб жами 242 та дрон ва 36 та ракета учирди. «19 та локацияда 18 та ракета ва 16 та зарба берувчи УУАнинг нишонга теккани қайд этилди», деб хабар берди УҚК Ҳаво кучлари.
Зарбанинг асосий йўналиши Киев вилояти бўлди. Киевда 19 та кўп қаватли уй, болалар боғчаси, трамвай депоси, тепловоз, автомобиллар, супермаркет ва Ёқилғи қуйиш шохобчаси шикастланган. Қатар элчихонаси ҳам зарба остида қолди. Украина пойтахтидаги ўққа тутиш қурбонлари камида 4 кишини ташкил этди, яна 25 киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда «РБК-Украина».
2025 йил декабрь ойи охирида Россия ҳукумати Украина дронлар билан Россия президенти Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилганини даъво қилган эди. Украина етакчиси Владимир Зеленский Кремль айбловларини дарҳол инкор этиб, уларни «Россиянинг навбатдаги ёлғони» деб атади. АҚШ президенти Дональд Трамп 4 январь куни Киев Путин қароргоҳига ҳужум қилганига ишонмаслигини билдирди. «Мен бу зарба содир бўлганига ишонмайман. Яқин атрофда нимадир юз берган, лекин бунинг унга [қароргоҳга] ҳеч қандай алоқаси бўлмаган», деди Трамп ва АҚШ буни текширишга муваффақ бўлгандан кейин бунга ишонмаслигини қўшимча қилди. АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ҳам Украина Путинга унинг қароргоҳида ҳужум қилишга уринмаган деган хулосага келди, деб ёзди Америка ОАВлари.