
Ўзбекистонда 2025 йилнинг 11 ойи давомида таълим соҳаси ходимлари ўртасида коррупциявий жиноятлар учун судланиш кўрсаткичи пасайди. Бу ҳақда 2025 йил 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ИИВ маълумотларига таяниб хабар берди.
Ўтган давр мобайнида 81 та жиноят қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 90 тани, 2023 йилда эса 106 тани ташкил этган эди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида тизимли ислоҳотлар ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Вазир 2019 йил 1 августдан бошлаб олий таълим тизимида «коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш бошланганини эслатиб ўтди.
У президент қарори билан ҳар бир олий ўқув юртида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилганини таъкидлади.
Идора раҳбарининг маълум қилишича, 2023 йилда вазиятни ўрганиш якунлари бўйича манфаатлар тўқнашуви ва қариндош-уруғчилик алоқалари билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, кадрлар ва меъёрий чоралар кўрилган.
Вазир ОТМларга қабул қилиш ислоҳотига алоҳида тўхталди. «Имтиҳонлар ва танловлар электрон тизимга ўтказилди, бу коррупцияга қарши курашда самарали чора бўлди ҳамда ўқишга киришда адолат ва тенг имкониятларни таъминлади», — деди.
Шариповнинг сўзларига кўра, «Рақамли университет» лойиҳаси доирасида олий таълим тизимида ўнлаб ахборот тизимлари жорий этилди, ўқиш учун шартномалар, стипендия тўловлари, дипломлар ва ўзлаштириш ҳақидаги маълумотлар рақамлаштирилди.
«Ўқиш учун шартномалар фақат электрон шаклда расмийлаштирилади, қоғоз шакли тўлиқ бекор қилинди. Шартномаларни тайёрлаш вақти 70 фоизга қисқарди», — деб қайд этди вазир.
У стипендияларни ҳисоблаш ва тўлаш жараёни ҳам тўлиқ автоматлаштирилганини қўшимча қилди.
Олий таълим вазирлиги раҳбарининг маълум қилишича, ОТМларда талабаларнинг коррупцияга қарши клублари ва коворкинг марказлари фаолият юритмоқда, сўнгги икки йилда тарғибот ишлари доирасида 3000 дан ортиқ материаллар эълон қилинган ва 145 мингдан ортиқ талаба иштирок этган танловлар ўтказилган.
Коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида аҳоли, талабалар ва ота-оналар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилмоқда. 2024—2025 йилларда «Коррупцияга қарши курашиш — барчамизнинг бурчимиз» шиори остида ўтказилган сўровларда 19 мингдан ортиқ киши қатнашди. Ўтган йилнинг октябрь ойида ҳам сўровлар ўтказилган эди.
«Иштирокчиларнинг 51 фоиздан ортиғи, яъни 7200 нафарга яқин талаба олий таълим муассасаларида коррупция йўқлиги ёки унга дуч келмаганликларини маълум қилишди. Қолган иштирокчилар давлат мукофотлари, танловлар, имтиҳонлар ва академик қарздорликларни ёпиш масалаларида маиший коррупция ҳолатлари мавжудлигини кўрсатиб ўтишган», — деди вазир.
Вазирнинг сўзларига кўра, ўқитиш тизимига коррупцияга қарши чоралар билан боғлиқ таълим блоклари жорий этилган, жумладан:
- бакалавриатнинг «Фалсафа» фани бўйича ўқув режаларига коррупциянинг табиати, унинг оқибатлари ва унга қарши курашиш механизмларига бағишланган махсус модуль киритилди;
- Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича ўқув режасига «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга оид мавзулар киритилди. Ушбу фанлар бўйича 194 300 нафар талаба таҳсил олмоқда;
- 357 минг талаба «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформасининг махсус онлайн курсларида таҳсил олди;
- олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича талабалар клублари ҳамда коррупцияга қарши коворкинг марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

