
АҚШ Венесуэлани бошқаришни ва унинг улкан захираларидан нефть қазиб олишни кўп йиллар давомида давом эттириш ниятида, мамлакатнинг муваққат ҳукумати эса Қўшма Штатларга Вашингтон «зарур деб ҳисоблаган» ҳамма нарсани бермоқда. Бу ҳақда Америка президенти Дональд Трамп New York Times газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
«Буни фақат вақт кўрсатади», — дея жавоб берди Трамп АҚШ маъмурияти Венесуэла устидан тўғридан-тўғри назоратни қанча вақт талаб қилиши ҳақидаги саволга.
«Биз уни жуда фойдали усулда қайта тиклаймиз, — деди АҚШ президенти. — Биз нефтдан фойдаланамиз ва уни қазиб оламиз. Нефть нархини туширамиз ва Венесуэлага у жуда муҳтож бўлган пулларни берамиз».
«Катта интервью давомида Трамп жаноблари Қўшма Штатлар Венесуэланинг сиёсий «ҳукмдори» сифатида қанча вақт қолиши бўйича аниқ муддатларни айтмади. Уч ойми? Олти ойми? Бир йилми? Узоқроқми? «Мен анча узоқроқ деган бўлардим», — деб жавоб берди президент», — деб ёзади NYT.
Трамп, шунингдек, Венесуэла президентлигига сайловлар қачон ўтказилишини айтмади ва нима учун мамлакатнинг муваққат раҳбари сифатида 2024 йилги президентлик сайловларида Қўшма Штатлар ғолиб деб эълон қилган мухолифат етакчиси Эдмундо Гонсалесни эмас, балки вице-президент Делси Родригесни тан олгани ҳақидаги саволларга жавоб бермади.
«Улар [Мадуронинг сафдошлари] бизга зарур деб ҳисоблаган ҳамма нарсани беришмоқда. Унутманг, улар кўп йиллар олдин биздан нефтни тортиб олишган эди», — деди у. Трамп 2007 йилда Венесуэла ҳукумати томонидан Америка компанияларининг нефть активлари миллийлаштирилганини назарда тутган, деб қайд этади NYT.
АҚШ 2026 йил 3 январга ўтар кечаси Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни қўлга олиш бўйича йирик ҳарбий операция ўтказди, натижада уларнинг иккаласи ҳам Нью-Йоркка олиб кетилди. Америка ҳукумати Мадурони наркотерроризм мақсадида тил бириктириш, кокаин олиб кириш, АҚШга қарши фойдаланиш мақсадида қурол ва портловчи қурилмаларни сақлашда айбламоқда. 5 январь куни улар Нью-Йоркда суд олдида намоён бўлишди ва ўзларининг айбсиз эканликларини билдиришди.
Америка операциясидан сўнг Дональд Трамп АҚШ Венесуэлани «биз хавфсиз, тартибли ва қонуний ҳокимият топширилишини амалга оширмагунимизча» бошқаришини маълум қилди.
Вице-президент Делси Родригес Венесуэланинг муваққат президенти бўлди. У 2026 йил 5 январь куни қасамёд келтирди. Трамп ундан «биз уларнинг мамлакатини қайта тиклашимиз учун нефть ва бошқа нарсаларга тўлиқ йўл очиб беришни» талаб қилди ва агар Родригес ўзини «тўғри тутмаса», уни Мадуроникидан ҳам ёмонроқ тақдир кутиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.