
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди нолойиқ хатти-ҳаракатлар содир этган эркакка нисбатан маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Воқеа 2026 йил 6 январь куни тахминан соат 18:50 да Лутфий кўчасида, Фарҳод бозори яқинида содир бўлган.
«Йўлнинг нариги томонига ўтмоқчи эдим. Номаълум шахс менга нисбатан уятсиз ҳаракатлар қилиб яқинлашди, — деди жабрланувчи, 30 ёшли Л. К. — Мен уни айланиб ўтиб, йўлнинг нариги бетига ўтдим. Ерости ўтиш йўлига тушаётганимда яна ўша нотаниш кимсани учратдим, у нолойиқ ҳаракатларини давом эттириб, йўлимни тўсишга ҳаракат қилди. Уни итариб юбордим ва бекатга югуриб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қўнғироқ қилдим».
Номаълум шахснинг кимлиги аниқланди. У 32 ёшли Андрей В. бўлиб чиқди. Эркак қўлга олинди.
У ўша оқшом маст ҳолатда бўлганини айтди.
«6 январь куни кечқурун спиртли ичимлик ичган эдим ва ерости ўтиш йўлидан ўтаётиб, қизга жинсий аъзоларимни кўрсатдим, шу тариқа уни қўрқитиб юбордим. Менда бундай ҳолат биринчи марта, ўзим ҳам кутмагандим. Қиз жуда қаттиқ қўрқиб кетди. Қилган ишим учун ундан чин дилдан узр сўрайман. Бундай ҳолат бошқа қайтарилмайди», — деди эркак.
Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик), 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддасининг биринчи қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича ҳуқуқбузарликлар содир этганликда айбдор деб топди.
Якуний жазо сифатида 15 сутка маъмурий қамоқ тайинланди.
Тошкент шаҳар ИИББ ерости ва ерусти ўтиш йўллари, автотураргоҳлар ва жамоат жойларида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Ягона тезкор бошқарув марказига интеграция қилинган видеокузатув камералари ўрнатилганини эслатиб ўтди.

