
2026 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳаси ҳажми 100 миллиард доллардан ошади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни парламент ва халққа йўллаган мурожаатномасида маълум қилди.
Давлат раҳбари 2025 йилда хизматлар ҳажми қарийб 15 фоизга ўсиб, 82 миллиард долларга етганини қайд этди. Талабни рағбатлантириш мақсадида 2026 йилда хизмат кўрсатиш соҳасига 85 триллион сўм кредит ва 9 триллион сўм субсидия, жумладан, таълим хизматлари учун бюджетдан 7 триллион сўм йўналтирилади.
Президент яқин 5 йил ичида хорижий сайёҳлар сонини икки баравар ошириб, 11 миллиондан 20 миллион кишига етказиш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди.
Бунинг учун туризм инфратузилмасини фаол ривожлантириш режалаштирилган. Хусусан, Самарқандда Бибихоним, Регистон мажмуалари, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Афросиёбни ўзаро боғловчи «замонавий пиёдалар йўлаклари ва кўприклар» қурилади.
Шаҳрисабзда «Гелон» йирик туристик мажмуасининг биринчи босқичи бошланади, Поп туманида «Арашан» тоғ-туристик дам олиш зонаси ташкил этилади, Хивадаги Ичан-қалъа эса иммерсив «жонли» ва «ақлли» музей-шаҳарга айлантирилади. Шунингдек, Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг археологик ёдгорликлари бўйлаб туристик ҳалқа яратиш режалаштирилган.
2026 йилда тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган 3500 дан зиёд янги сервис объектлари ишга туширилади. 3 йил давомида туристик лойиҳалар учун 5000 гектар ер аукционга чиқарилади.
Бундан ташқари, 2026 йилдан «Ўзбекистон мерос меҳмонхоналари» дастури бошланади. Унинг доирасида маданий мерос объектларида давлат-хусусий шериклик асосида халқаро меҳмонхона тармоқлари иштирокида бутиқ-отеллар ташкил этилади. Дастур иштирокчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари берилади.
«Бу ишларнинг барчаси ҳисобига биз 2026 йилда хизматлар бозорини 100 миллиард доллардан кўпроққа оширамиз», — деб таъкидлади президент.
Сайёҳлар оқимининг ўсиши транспорт тизими ўтказувчанлик қобилиятини оширишни талаб қилади. Шу муносабат билан 2026 йилда мамлакат авиапаркини 105 тадан 120 та самолётгача кенгайтириш режалаштирилган.
Ички авиақатновларни ривожлантириш учун янги субсидиялаш тизими жорий этилади: субсидиялар чиптанинг нархидан қатъи назар, ҳар бир сотилган чипта учун ажратилади. Президентнинг сўзларига кўра, бу нархларнинг пасайишига ва авиақатновларга бўлган талабнинг ортишига олиб келиши керак.

