Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида 

ЕНГИЛ АВТОМОБИЛЛАР ВА МОТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ҚИСҚА МУДДАТЛИ ИЖАРАГА БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикасининг «Иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 26 июлдаги ЎРҚ-488-сон Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги ПҚ-3514-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасининг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошлиғи Д.Т. Дехканов зиммасига юклансин.

Тошкент ш.,

2018 йил 14 декабрь,

1015-сон

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1015-сон қарорига ИЛОВА

Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини (кейинги ўринларда транспорт воситалари деб аталади) истеъмол мақсадларида қисқа муддатли ижарага бериш (30 кунгача) тартиби ҳамда ижарага берувчи ва ижарачининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини белгилайди.

2. Транспорт воситаларини ижарага бериш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлар билан тартибга солинади.

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ижарачи — транспорт воситасини тегишли бошқариш ҳуқуқига эга ва маълум тўлов эвазига қисқа муддатли ижарага бериш шартномаси асосида транспорт воситасини олган жисмоний ёки юридик шахс;

ижарага берувчи — қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган, маълум тўлов эвазига қисқа муддатли ижарага бериш шартномаси асосида транспорт воситасини ижарачига берувчи юридик шахс;

қисқа муддатли ижара шартномаси (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) — ижрага берувчи ва ижарачи ўртасида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга тузиладиган, нотариал расмийлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказишни талаб этмайдиган транспорт воситасини қисқа муддатли ижарага бериш тўғрисида ёзма келишув.

2-боб. Транспорт воситаларининг қисқа муддатли ижараси

4. Шартнома тузиш учун ижарачи ижарага берувчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

паспорт ёки идентификация ID-картаси;

транспорт воситасидан фойдаланадиган шахснинг ҳайдовчилик гувоҳномаси (миллий ёки халқаро намунадаги);

медик кўрикдан ўтганлиги ҳақида маълумотнома (ижарага берувчининг ихтиёрига кўра);

гаров депозити киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (ижарага берувчининг ихтиёрига кўра).

4.1. Ижарага берувчи, зарурат бўлганда, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тегишли ташкилотлардан белгиланган тартибда олади.

5. Шартномада қуйидаги шартлар назарда тутилади:

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

тақдим этилаётган транспорт воситасининг бозор нархи;

транспорт востасини қисқа муддатли ижарага бериш тартиби;

қисқа муддатли ижаранинг аниқ муддатлари;

ижара тўловининг шартлари ва миқдори, уни тўлаш муддатлари;

гаров депозити миқдори (ижарага берувчи ва ижарачининг келишувига кўра).

шартнома амал қилиш муддати тугагандан сўнг транспорт воситасини ижарага берувчига қайтариш тартиби;

енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатлари.

Шартнома билан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам мустаҳкамланиши мумкин.

3-боб. Ижарага берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

6. Ижарага берувчи унга шахсий мулк сифатида ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган, техник соз, видеорегистраторлар ва GPS навигаторлар билан жиҳозланган, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтган ҳамда Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган талабларга мувофиқ махсус таниқлик белгига эга бўлган транспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага беради.

7. Ижарага берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жисмоний шахсда алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсиридаги ёки ўзгача тарздаги мастлик белгилари аниқ кўриниб турганда, у билан шартнома тузишни рад этиш;

шартномада белгиланган шартлар асосида транспорт воситасига етказилган ва ижарачи томонидан қоплашни талаб этадиган зарарни, йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун тўловларни амалга ошириш кафолати сифатида хизмат қиладиган гаров депозитини тўлашни талаб этиш;

мурожаат қилиш орқали Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг «Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимида шахсий кабинет очиш;

«Маъмурий амалиёт» комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимидаги шахсий кабинет орқали ижарага берилган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжудлигини аниқлаш;

қўшимча хизматлар (бола учун махсус ўриндиқ, навигатор, қўшимча суғурта, йирик тўхташ жойларида алоҳида жой ажратиш ва бошқалар) кўрсатиш.

8. Ижарага берувчи томонидан моддий эътирозлар мавжуд бўлмаган тақдирда, шартнома муддати тугагандан сўнг гаров депозити миқдори ижарачига қайтарилади.

9. Ижарага берувчи:

қисқа муддатли ижарага бериш учун мўлжалланган транспорт воситаларини сақлаш ҳамда техник кўрикдан ўтказиш учун шахсий ёки ижарага олинган бинога эга бўлиши;

ижарачини қисқа муддатга тақдим этаётган транспорт воситасидан фойдаланиш қоидалари билан таништириши;

транспорт воситаларини белгиланган муддатда топшириш ҳамда қабул қилиш далолатномасига асосан техник соз, йўл ҳаракати қоидалари талаблари ва хавфсизлик талабларига мувофиқ бутланган ҳамда махсус таниқлик белгига эга бўлган ҳолатда тақдим этиши;

транспорт воситаларидан фойдаланиш даврида бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мулкига зарар етказганлик учун ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шарт;

10. Қисқа муддатли ижара муддати тугагандан сўнг транспорт воситаси ижарага берувчи томонидан топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида қабул қилиб олинади.

4-боб. Ижарачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

11. Ижарага берувчи ижарачига қисқа муддатли ижарага бериладиган транспорт воситасини ўз вақтида тақдим этмаган ҳолда, ижарачи ушбу транспорт воситасини талаб қилиши ва бажариш муддати кечикишидан келиб чиқадиган зарарни қоплашни ёки шартномани бекор қилиши ҳамда шартномани бажармаслик оқибатида етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш хуқуқига эга.

12. Ижарачи:

қисқа муддатли ижарага бериладиган транспорт воситасидан фойдаланиш қоидалари билан танишиб чиқиши;

транспорт воситасидан фақат белгиланган мақсадда, бошқа шахсга бермаган ҳолда фойдаланиши;

қисқа муддатли ижара муддати тугагандан сўнг транспорт воситасини шартнома ва топшириш ҳамда қабул қилиш далолатномасига мувофиқ техник соз ҳолатда қайтариши;

ижарага берувчини транспорт воситасининг эгаси сифатида жавобгарликка тортиш — маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги, транспорт воситасидан фойдаланиш натижасида транспорт воситасига, учинчи шахслар ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги билан боғлиқ ижарага берувчининг барча зарар (зиён) ва харажатларини қоплаши;

ижарага олинган транспорт воситасида мамлакатни тарк этмаслиги;

шартнома тузилгандан сўнг ижара учун тўловни амалга ошириши шарт.

13. Траснпорт воситасига зарар етказилса ва (ёки) ижарага олинган транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган тақдирда:

ижарачи зудлик билан ижарага берувчини хабар қилиши лозим;

ижарага берувчи ижарачи томонидан тақдим этиладиган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.

14. Ижарага берилган транспорт воситасига зарар етказилганлиги аниқланган тақдирда, етказилган зарар миқдори уни баҳолаш йўли билан белгиланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда айибдор шахслардан ундирилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

15. Ижарага берувчилар ва ижарачилар ўртасида транспорт воситаларининг ижара шартномасини тузиш, бажариш ва тугатиш юзасидан мунозарали масалалар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

16. Мазкур Низом бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.