Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/01/2026

«Божхона конфискати»ни сотишни таклиф қилган фирибгарликда гумонланувчилар қўлга олинди

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари Давлат божхона қўмитаси номидан Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқларида сохта канал ва гуруҳлар очган беш кишидан иборат гуруҳни қўлга олди, деб хабар берди Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Канал ва гуруҳлар «Конфискация қилинган товарлар», «Улгуржи омбор», «Божхона қўмитаси админи» ва «Ишонч сиз билан» каби номлар остида фаолият юритган. Уларни Андижон вилоятида истиқомат қилувчи 22-25 ёш оралиғидаги йигитлар бошқарган.

Улар маиший техника, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, гаджетлар, жумладан, iPhone’нинг янги моделлари, шунингдек, кийим-кечак ва мотоскутерлар сотилиши ҳақидаги эълонларни жуда паст нархларда жойлаштириб келган.

Тўловларнинг бир қисми бошқа шахслар номига расмийлаштирилган банк карталари орқали қабул қилинган. Бироқ харидорлар товарни талаб қилганда ёки қайта боғланишга уринганда, жавобсиз қолдирилган ва ижтимоий тармоқлардаги «қора рўйхат»га киритилган.

Гуруҳ аъзолари 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 миллион сўмни ўзлаштиргани ва бу маблағларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани аниқланди.

Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «г» бандлари (ахборот технологияларидан фойдаланиб, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. ИИББ фуқароларга етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.