Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/01/2026

ИИБ ходимлари ҳуқуқбузарликлар бўйича мурожаатларни соҳа ва ҳудуддан қатъи назар қабул қиладилар

Ўзбекистонда фуқароларнинг ички ишлар органларига ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар бўйича мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдириш тизимини яратиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда президентнинг 2026 йил 5 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Ички ишлар вазирлигига 2026 йил якунига қадар фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги оғзаки мурожаатларини соҳа ва ҳудуддан қатъи назар, ИИБ ходимларининг планшетлари орқали реал вақт режимида қабул қилиш ҳамда ходимларнинг тегишлилиги бўйича тезкор муносабат билдириш амалиётини жорий этиш топширилди.

Шунингдек, 2026 йил ноябрь ойигача «Менинг инспекторим» мобил иловаси ишга туширилиши керак. Унда фуқароларнинг маҳалла профилактика инспекторлари билан онлайн мулоқот қилиш, фото, аудио, видео ва ташвиш хабарларини юбориш ҳамда уларнинг фаолиятини баҳолаш имконияти бўлади.

Ҳужжат маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича манзилли профилактика чора-тадбирларининг самарали тизимини жорий этиш орқали жиноятчилик даражасини кескин камайтиришга қаратилган. Бунда ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланди.

Бундан ташқари, оилавий-маиший муносабатлар доирасидаги жиноятлар, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларнинг «асл омилларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш орқали» уларнинг барвақт олдини олиш бўйича янги иш механизмлари жорий этилиши лозим.

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан сўнг, йил давомида маҳаллалардаги жиноятчилик даражасини қарийб 1,5 бараварга камайтиришга эришилди.

Қарор билан 2026 йил учун криминоген вазиятга бевосита масъул бўлган раҳбарлар бириктирилди. Масалан, криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллалар учун булар — туман (шаҳар) ҳокимлари, прокурорлар ва ИИБ бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, вазияти энг оғир бўлган туман ва шаҳарлар учун эса — вилоят даражасидаги прокурор ва ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари масъул этиб белгиланди.

Ҳужжат маҳалла ҳудудида аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш орқали олдини олиш мумкин бўлган ҳар бир жиноят учун масъулиятни маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклайди.

Маҳаллалардаги жамоат жойларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун ахборот-коммуникация технологиялари ва сунъий интеллект технологияларини, шунингдек, ижтимоий профилактика учун масъул идора ва муассасалар чора-тадбирлари самарадорлиги устидан электрон назорат тизимини кенг жорий этиш режалаштирилган.

2026 йил 1 майга қадар низоли оилалар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш бўйича дастурни ишлаб чиқиш ва судлар ўртасида интеграция қилиш топширилди.