Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 07/01/2026

Тошкент шаҳар ИИББ Махтумқули кўчасида пиёда қизнинг ўлими билан боғлиқ ЙТҲ тафсилотларини очиқлади

Тошкентнинг Махтумқули кўчасида 2025 йил 31 декабрь куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 1991 йилда туғилган аёл ҳалок бўлди. Пойтахт ИИББ матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Мадиева мавжуд маълумотларни билан ўртоқлашди.

Идора маълумотларига кўра, ЙТҲ тахминан соат 21:10 да содир бўлган. Lacetti автомобили ҳайдовчиси пиёда Е. Н.ни уриб юборган. Аёл воқеа жойида вафот этган.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Экспертизалар тайинланган, тергов жараёни ИИББ раҳбарияти назоратига олинган, деб хабар берди Нилуфар Мадиева.

Унинг аниқлик киритишича, ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетмаган ва жиноят иши ўша куннинг ўзидаёқ қўзғатилган.

Ижтимоий тармоқларда марҳуманинг яқинларига фожиа ҳақида кеч хабар берилгани ҳақидаги нашрлар тарқалган бир пайтда, ИИББ воқеа содир бўлган кечада ходимлар аёлнинг яшаш манзилига боришгани, бироқ уйда ҳеч ким бўлмаганини маълум қилди.

Қўшниларнинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи чет элда бўлган, болаларнинг қаердалиги эса номаълум эди. Кейинчалик болалар марҳуманинг онасиникида экани маълум бўлган.

ИИББ хабарига кўра, Е. Н.нинг телефони экрани шикастланган ва қурилма ёқилмаган. SIM-карта бошқа аппаратга қўйилган, бироқ контактлар телефон хотирасида сақлангани маълум бўлган. Кейинги куни ҳуқуқ-тартибот идоралари марҳуманинг онаси қаердалигини аниқлаб, унга бўлган воқеа ҳақида хабар беришган.

Аввалроқ Е. Н.нинг онаси Елена Калинина ўзининг Facebook саҳифасида терговчи қизининг ўлими ҳақида унга фақат 2 январь куни хабар берганини ёзган эди. У қизнинг ёнида телефони ва банк карталари бўлганини таъкидлаган.

Аёл, шунингдек, қизи олган оғир жароҳатларни — қўл ва оёқ синиши, ўпка йиртилиши ва мияга қон қуйилишини санаб ўтиб, ҳайдовчи юқори тезликда ҳаракатланган бўлиши мумкинлигига шама қилган.

Марҳумадан икки нафар вояга етмаган фарзанд қолди.