
Эронда мамлакатдаги иқтисодий вазият ёмонлашгани сабабли тўққиз кундан бери оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда, деб хабар беради BBC News ва Reuters.
Намойишлар 2025 йил 28 декабрь куни Эрон пойтахти Теҳронда дўкондорларнинг иш ташлаши билан бошланди. Улар иран риалининг АҚШ долларига нисбатан навбатдаги кескин қадрсизланишидан норозилик билдиришди, бу эса инфляцияни тезлаштириб юборди. Давлат статистика марказининг CNN келтирган маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ойида Эронда инфляция даражаси 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 42,2 фоизгача, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса ўртача 72 фоизга ошган.
Тез орада намойишларга талабалар ҳам қўшилди ва улар бошқа шаҳарларга тарқалди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, намойишлар Эроннинг 31 вилоятидан 27 тасида, жумладан, кичик шаҳарларда ҳам бўлиб ўтган.
Эроннинг HRANA инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 5 январь ҳолатига кўра, намойишлар давомида камида 29 киши, жумладан, икки нафар ҳуқуқ-тартибот идораси ходими ҳалок бўлган. 1200 дан ортиқ киши ҳибсга олинган.
HRANA қайд этишича, намойишчиларнинг шиорлари иқтисодий талаблар доирасидан чиқиб кетган ва ҳукуматни танқид қилиш ҳамда адолатга чақириқларни ўз ичига олган. BBC Persian қўлга киритган видеоларда Ясуж шаҳрида аёллар ва эркаклардан иборат оломон «Озодлик, озодлик, озодлик», Сари шаҳридаги намойишчилар эса «Диктаторга ўлим» деб ҳайқираётганини эшитиш мумкин.
Эрон расмийлари иқтисодиётдаги қийинчиликларни тан олди, бироқ хорижий тармоқларни «тартибсизликлар ва ғалаёнларга олиб келувчи иқтисодий норозиликларга ундашда» айблади. Суд ҳокимияти раҳбари Ғоламҳуссайн Моҳсени Эжеи «исёнчиларга нисбатан ҳеч қандай шафқат қилинмаслиги» ҳақида огоҳлантирди. Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хаменеи «исёнчиларни ўз жойига қўйиб қўйиш кераклигини» айтди.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиан пул-кредит ва банк тизимларини барқарорлаштириш бўйича ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди. Ҳукумат зарур товарлар учун харид қобилиятини ошириш мақсадида импорт қилувчилар учун имтиёзли валюта курсларини бекор қилди. Ушбу чора 2026 йил 10 январдан кучга киради. 2025 йил 29 декабрь куни марказий банк раҳбари ҳам ўзгарди.
Эрондаги намойишларга АҚШ президенти Дональд Трамп муносабат билдирди. У Эрон расмийларини АҚШ намойишчиларга ёрдамга келиши мумкинлиги билан қўрқитди.
«Агар Эрон тинч намойишчиларни ўққа тутса ва ўлдирса, бу унинг одатий амалиётидир, Америка Қўшма Штатлари уларга ёрдамга келади, — деб ёзди АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғида. — Биз тўлиқ жанговар шай ҳолатдамиз».
Трампнинг таҳдидлари ва 2025 йил июнь ойида Исроил ҳамда АҚШнинг Эронга берган зарбаларидан кейин ёмонлашган узоқ давом этаётган иқтисодий инқироз Теҳроннинг имкониятларини чеклаб қўйди, деб ёзади Reuters.
«Ушбу икки омил Теҳроннинг ҳаракат қилиш имкониятларини торайтириб, раҳбарларни кўчалардаги халқ ғазаби ва Вашингтоннинг кучайиб бораётган талаблари ҳамда таҳдидлари ўртасида, кам сонли ҳаётий вариантлар ва ҳар бир йўлдаги юқори хавфлар билан қийин аҳволда қолдирди», — деди Эрон расмийларидан бири Reuters агентлигига.
Бошқа бир эронлик амалдорнинг сўзларига кўра, АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий операциясидан сўнг баъзи расмийлар Эрон Трампнинг «агрессив ташқи сиёсатининг навбатдаги қурбони» бўлиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Эронда бундай кўламдаги охирги намойишлар 2022 йилда, ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг мамлакатни оммавий норозилик ва тартибсизликлар қамраб олган пайтда юз берган эди. Шу билан бирга, Reuters ёзишича, ҳозирги намойишлар ҳали тўрт йил аввалги намойишлар кўламига етгани йўқ.