Ўзбекистон айрим озиқ-овқат маҳсулотлари учун ноль даражали божхона ставкалари муддатини узайтирди

Бир қатор товарларга нисбатан божхона божининг ноль ставкасини қўллаш муддати 2027 йил 1 январгача узайтирилди. Бу Ўзбекистон президентининг 2025 йил 30 декабрдаги фармонида кўзда тутилган бўлиб, ҳужжат 2026 йил 1 январдан кучга кирди.

Гап президентнинг 2022 йил 31 майдаги фармонига (ПФ-145) 1-иловада кўрсатилган товарлар — балиқ, сут, банан, цитрус мевалар (лимондан ташқари), чой, кофе, сариёғ, ерёнғоқ, пальма, рапс мойлари ва бошқа маҳсулотлар ҳақида бормоқда.

Шунингдек, имтиёз 2023 йил 23 мартдаги фармонда (ПФ-41) келтирилган товарлар — пишлоқ ва творог, бир қатор сабзавот ва мевалар, шунингдек, ун, кокос мойи, гўшт ва балиқ консервалари, икра, алкоголсиз ичимликлар, косметик воситалар, болалар кийимлари учун ҳам қўлланилади.

2027 йил 1 январгача бўлган даврда савдо-иқтисодий муносабатларда энг қулай режим кўзда тутилмаган мамлакатлардан келиб чиқадиган товарларга нисбатан божхона божининг икки баравар ставкаси қўлланилмайди ҳамда қўшимча божхона божлари ундирилмайди.

Бош вазир ўринбосарига зарурат туғилганда, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолининг асосий турдаги маҳсулотлар билан таъминланганлик даражаси ва ички бозордаги нархлар барқарорлигидан келиб чиқиб, ноль ставка қўлланиладиган товарлар рўйхатига ўзгартириш киритиш бўйича президент администрациясига таклифлар киритиш топширилди.

2024 йил июнь ойида президент Жамшид Хўжаев раҳбарлигидаги ЖСТ билан ишлаш бўйича идоралараро комиссияга энг қулай режим (MFN) кўзда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга божхона божларини қўллаш бўйича қонунчиликни қайта кўриб чиқиш вазифасини юклаган эди.

Электромобиллар, балиқ ва тиббий чиқиндилар учун

Фармонга кўра, 2028 йил 1 январгача электромобилларни қувватлантириш станциялари учун технологик ускуналар, уларнинг бутловчи қисмлари ва сервис инфратузилмаси божхона божидан озод қилинади.

Шунингдек, қуйидагиларни қўшимча тўловларсиз олиб кириш мумкин бўлади:

  • пилла ўраш ва ипак тўқиш дастгоҳлари учун эҳтиёт қисмлар, тут уруғлари ва кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари.

2029 йил 1 январгача қуйидагилар божхона божидан озод қилинди:

  • мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган наслли она балиқлар, балиқ икраси, чавоқлар, шунингдек, балиқни инкубация қилиш, лаборатория ва интенсив усулда етиштириш учун зарур бўлган ускуналар ва эҳтиёт қисмлар, тирик балиқ ташиш учун транспорт воситалари, омихта ем ишлаб чиқариш ва балиқни қайта ишлаш ускуналари;
  • мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналар, автобуслар учун эҳтиёт қисмлар, автобус ва электробусларга техник хизмат кўрсатиш, диагностика қилиш, ювиш ва таъмирлаш учун ишлатиладиган бутловчи буюмлар ва материаллар.

2031 йил 1 январгача маиший, қурилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш ҳамда биопарчаланадиган полимер материаллар ишлаб чиқариш корхоналарининг технологик жараёнида қўлланиладиган, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган махсус техникалар, ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар ҳам божхона тўловларидан озод этилади.