«Янги Ўзбекистон» университети кампуси 200 млн долларга баҳоланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 декабрь куни Янги Тошкентда «Янги Ўзбекистон» университети ва Миллий кутубхона бинолари қурилиши билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Олийгоҳнинг Янги Тошкентдаги янги мажмуаси 50 гектар майдонни эгаллайди ва унинг дастлабки қиймати 200 млн долларни ташкил этади. Лойиҳа туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Қурилиш ишларини Tashkent City’даги Nest ONE осмонўпар биноси қурилишида иштирок этган Özgüven компанияси амалга оширмоқда. Университет мажмуасини 2027 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мажмуа ҳудудида 10 минг талабага мўлжалланган 5 та факультет, ректорат, 1000 дан ортиқ ўринли кутубхона, музей, кўргазмалар зали ва мультимедиа хоналари қурилади. Талабалар ва ўқитувчилар учун 1000 ўринли спорт мажмуаси, 2000 кишилик турар жой бинолари, бассейн ва ошхоналар барпо этилади.

«Ушбу университетда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, шунингдек, бу ерда амалга оширилаётган таълим дастурлари бошқа олий таълим муассасалари учун намуна бўлиши керак», — деб таъкидлади президент.

Тахминан 4 гектар майдонда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биносини қуриш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Тўрт қаватли бинонинг умумий майдони 30 минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1420 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш имконини беради. Кутубхона фондларини сақлаш, ҳисобга олиш, хавфсизлигини таъминлаш ва стерилизация қилиш учун махсус юқори технологик хоналар ташкил этилади.

Мажмуа кўп функцияли бўлиб, йирик халқаро ва миллий кутубхоналарнинг электрон маълумотлар базаларига онлайн кириш имконини беради. Кўриш қобилияти заиф бўлган фуқаролар учун мутолаа ва тадқиқотлар қилишга мўлжалланган махсус муҳит яратилади. Ташриф буюрувчилар учун, шунингдек, 300 ўринли кафе, галерея, спорт майдончалари ва дам олиш зоналари қурилади.