Президент Янги Тошкентда қурилаётган тригенерация станциясини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудида барпо этилаётган энергетика объектлари билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Тригенерация технологияси анъанавий манбаларга нисбатан икки баравар кам энергия сарфлаган ҳолда шаҳарни бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва совитиш тизими билан таъминлаш имконини беради. Оддий иссиқлик марказлари ёки совитиш тизимларида ишлаб чиқариш жараёнлари алоҳида амалга оширилади. Тригенерацияда эса уларнинг барчаси ягона технологик занжир асосида бирлаштирилади», — дейилади хабарда.

Лойиҳанинг биринчи босқичида иссиқлик таъминоти учун 75 МВт, совитиш учун 100 МВт қувват яратиш кўзда тутилган. Шунингдек, 17 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Янги Тошкентнинг биринчи подстанцияси 100 МВт қувватга эга бўлиб, бу шаҳарнинг дастлабки эҳтиёжларини таъминлаш учун етарли. Лойиҳа Хитойнинг Haocheng Industry Group компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Бу Ўзбекистондаги биринчи ёпиқ турдаги подстанция.

«Бундай объектлар анъанавий очиқ подстанциялардан бир қатор афзалликларга эга. Биринчи навбатда, улар шаҳар муҳитига мос тушадиган қилиб лойиҳалаштирилади ва меъморий қиёфага зиён етказмайдиган жойларда жойлаштирилади. Бундан ташқари, бундай подстанцияларда шовқин даражаси анъанавийларига қараганда икки баравар паст. Қолаверса, улар очиқ турдаги объектларга нисбатан уч баравар кам жой эгаллайди. Бу Янги Тошкент каби мураккаб муҳандислик концепциясига эга шаҳар учун катта устунлик», — деб қайд этилади хабарда.

Президент объектлар билан танишар экан, уларнинг техник имкониятлари, иқтисодий самарадорлиги ва Янги Тошкент учун стратегик аҳамиятини таъкидлади ҳамда ишларни янада самарали ташкил этиш, кейинги босқичларни тез ва сифатли амалга ошириш бўйича тавсиялар берди.