Президент Янги Тошкентдаги янги объектлар билан танишди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 30 декабрь куни Янги Тошкентда йўл-транспорт инфратузилмаси, энергетика, уй-жой ва таълим объектлари қурилиши билан танишмоқда, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ер ости турар жойи

У ташрифини ер ости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўли қурилиши билан танишишдан бошлади. Қиймати 100 млн доллар бўлган ва 40 минг кв. м майдонда қурилаётган автотураргоҳнинг биринчи босқичида 200 та автомобиль ҳамда 30 та мотоцикл ва скутерни жойлаштириш имконияти кўзда тутилади. Пиёдалар ҳаракати учун тўрт томонлама ўтиш йўли қурилади.

Бу ерда автоматлаштирилган тўхташ тизимлари, велосипед ижараси пунктлари ва электромобилларни қувватлантириш станциялари ташкил этилади. Объектни 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Президент замонавий автотураргоҳлар сонини кўпайтириш, уларнинг аҳоли учун максимал даражада қулай ва ҳамёнбоп бўлишини таъминлаш, шунингдек, электромобиллар улуши ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда қувватлантириш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Маъмурий бинолар

Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар учун маъмурий бинолар қурилиши давом этмоқда.

Ҳозиргача Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг модулли биноси қуриб битказилди. 1,4 гектар майдонда енгил металл конструкциялар ва базальт қопламали сэндвич-панеллардан умумий майдони 5751 кв. м бўлган 5 та бир қаватли бино қад кўтарди.

«Бино вазирлик марказий аппарати ва барча идоравий ташкилотларни бир жойга жойлаштириш имконини беради, бу эса муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ва иш жараёнлари самарадорлигини оширади», — дейилади хабарда.

Енгил конструкциялар ва энергия тежамкор сэндвич-панеллар, мустақил канализация тизими, шунингдек, самарали марказлаштирилган иситиш, совитиш ва вентиляция тизими бинонинг эксплуатация харажатларини камайтиришга хизмат қилади, келажакда уни кенгайтириш ёки қисмларга ажратиш имконини беради.

Ҳозирда янги бинода марказий аппарат ва идоравий ташкилотларнинг 550 нафар ходими ишламоқда.

Шу ерда Қурилиш ва УЖКХ вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази ҳам жойлашган.

Марказ «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими негизида бир қатор платформаларни ишга туширди. Давлат раҳбарига ушбу платформалар фаолияти ҳақида ахборот берилди.

Шаҳар ва туманлар ҳудудларига оид барча ижтимоий-иқтисодий маълумотлар «Давлат шаҳарсозлик кадастри» географик ахборот тизимидаги ягона рақамли маълумотлар базасига бирлаштирилган. Геопортал орқали аҳоли пунктларининг уч ўлчамли «рақамли эгизаклари» ишлаб чиқилган, реконструкция ва реновация зоналари белгиланган, шунингдек, ҳудудларни комплекс таҳлил қилиш имконияти яратилган.

Бош режаларни ишлаб чиқиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, улар асосида қурилишга рухсатномалар бериш жараёнлари рақамлаштирилган. Геопорталга ҳозирда 20 та шаҳар, 22 та шаҳарча ва 843 та туман аҳоли пунктининг рақамли бош режалари жойлаштирилган.