Ўзбекистон Афғонистонга 390 тонна инсонпарварлик ёрдами етказди

Ўзбекистон Афғонистон халқига 2025 йилдаги тўртинчи навбатдаги, умумий вазни қарийб 390 тонна бўлган инсонпарварлик юкини топширди. Маросим 2025 йил 29 декабрь куни Балх вилоятининг Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича, юк Termez Cargo Centre майдончасида шакллантирилган бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналардан иборат.

Топшириш маросимида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Афғонистон билан чегарадош Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо қиш қаттиқ келиб, одамлар қийинчиликка дуч келаётган бир пайтда Афғонистон халқига кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирди.

«Дунёдаги сиёсий жараёнлар ва бир қатор қўшни давлатлар билан чегаралар ёпилган шароитда, биз учун ягона ишончли, доимо очиқ ва дўстона кайфиятдаги чегара Ўзбекистон билан бўлиб қолаётганини юқори баҳолаймиз. Кўрсатилаётган ёрдамни ҳеч қачон унутмаймиз», — дея губернатор сўзларидан иқтибос келтиради ЎзА.

Ўзбекистон Афғонистонга 2025 йил март ойида Рамазон ҳайити арафасида (қарийб 200 тонна), июнда Қурбон ҳайити муносабати билан (183 тонна), шунингдек, сентябрда зилзиладан жабр кўрган аҳолига ёрдам бериш учун (265 тонна) юк юборган эди. Бундан ташқари, май ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қўшни давлатга қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини топширган эди.