Ўзбекистондаги газ заправкалари яна туну кун ишлаш режимига ўтади

2025 йил 30 декабрь куни соат 09:00 дан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидаги метан газ тўлдириш шохобчалари яна туну кун ишлаш режимига қайтади, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

«Автотранспорт воситалари эгалари кун давомида, жумладан тунги вақтларда ҳам навбатларсиз, ўзлари учун қулай вақтда ёқилғи қуйишлари мумкин», — дейилади хабарда.

2025 йил 11 декабрь куни вазирлик аҳоли яшаш жойлари ва ижтимоий соҳа объектларида газ босими пасайишининг олдини олиш мақсадида газ заправкалари иши вақтинча чекланишини маълум қилган эди. Бунга Туркманистон газ узатиш тизимидаги техник носозлик туфайли импорт қилинаётган газ ҳажмининг камайиши сабаб қилиб кўрсатилганди. Сўнгги кунларда АГТКШлар кунига бир неча соатгина фаолият юритаётган эди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов авария туфайли 6 миллион кубометр газ танқислиги юзага келганини маълум қилган эди. У шунингдек, ер ости газ омборларидан кунига 42 миллион кубометргача газ олинаётганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон газни Россия ва Туркманистондан импорт қилади. 2025 йил 11 ой давомида мамлакат 1,5 млрд долларлик хорижий газ сотиб олди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 фоизга камдир. Ноябрь ойида импорт кескин ошиб, 334,3 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг ноябрь ойига нисбатан 1,8 баравар кўп. Ноябрда газ экспорти 55,9 млн долларни ташкил этди ёки йиллик ҳисобда 5,5 фоизга ошди.