Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 31/12/2025

Ўзбекистон бизнес-омбудсмани этиб депутат Абдуманноп Бўриев тайинланди

Ўзбекистон Президентининг фармони билан Абдуманноп Абдураҳматович Бўриев Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимига тайинланди, деб хабар берди бизнес-омбудсманнинг Telegram-канали.

Президент ҳузуридаги бизнес-омбудсман институти мамлакатда 2017 йилда ташкил этилган. Ўша йилнинг ўзида ушбу лавозимни Дилмурод Қосимов эгаллаган эди. 2025 йилнинг март ойида у Бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди. Шундан бери лавозим бўш қолаётган эди.

Абдуманноп Бўриев (1986 йилда туғилган) шу вақтга қадар Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси бўлган.

2010 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, 2016 йилда Стратегик режалаштириш ва прогнозлаштириш олий мактабини тамомлаган. Мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

2011–2022 йилларда Адлия вазирлиги тизимида ишлаб, Ташкилий-назорат ва стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимигача кўтарилган. 2022 йилнинг ёзида унинг Фарғона вилояти адлия бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани хабар қилинган эди.