
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида экологик тоза автомобиллардан фойдаланишни кенгайтириш бўйича беш йиллик дастурни эълон қилди.
Унинг доирасида маҳаллий электромобиллар учун автокредитлар 12 фоизни (Марказий банкнинг асосий ставкасидан паст), импорт қилинадиганлари учун эса 16 фоизни ташкил этади. Ёзда Ўзбекистон банкларида автокредитлар бўйича фоиз ставкалари 22,5 фоиздан 33 фоизгача бўлган эди.
Қувватлаш инфратузилмасини ривожлантираётган тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар ва ерларни аукцион орқали бозор нархидан икки баравар арзонроқ сотиб олиш имконияти берилади.
Бундан ташқари, электромобилларни қувватлашда электр энергияси нархининг 1 кВт·соат учун 300 сўмдан юқори бўлган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Электромобилда ҳаракатланувчи таксилар учун ҳам қатор имтиёзлар кўзда тутилган, деди Президент.
Унинг сўзларига кўра, шаҳарлардаги тирбандликлар «нафақат одамлар ҳаётини мураккаблаштиради, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказади». Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда экологик стикерлар тизими жорий этилади, пойтахт, вилоят марказлари ва шаҳарларга чиқинди чиқариш даражаси юқори бўлган автомобилларнинг кириши чекланади.
Автопаркни янгилаш ва чиқиндиларни камайтириш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Шу мақсадда махсус жамғарма ташкил этилади.
Эски автомобилини алмаштиришга қарор қилганларга автокредит фоиз ставкасининг бир қисми қоплаб берилади. Филтрлар ўрнатиш ва чиқинди даражасини пасайтиришга тайёр бўлган ҳайдовчиларга харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади.
Давлат раҳбари пойтахт ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа бўлишини маълум қилди. Автобус ва таксилар учун ажратилган йўлаклар сони кўпайтирилади, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида ҳаракатни бошқариш учун интеллектуал светофорлар жорий этилади.
«Яқинда Японияда бўлиб, ўзим учун кўп янги нарсаларни ўргандим. У ерда машина жуда кўп, лекин бирорта тирбандлик йўқ — светофорлар ҳаракатни ўзи бошқаради. Нима учун биз буни ўрганмаяпмиз? Ахир биз кўп нарсани ўрганиб бўлдик. Шунинг учун интеллектуал светофорларни жорий этиш бўйича келишиб олдик — уларнинг мутахассислари юртимизга келади. Туркияда ҳам катта тажриба бор, уни ўрганяпмиз. Албатта, буларнинг барчасини амалга оширамиз», — деди.
Унинг сўзларига кўра, тўғри амалга оширилса, Тошкент, вилоят марказлари ва йирик шаҳарлар фақат экологик тоза транспорт турлари ҳаракатланадиган ҳудудларга айланиши учун асос яратилади.
«Бу қийин бўлади, лекин бу бизнинг ягона тўғри йўлимиз», — деди Президент.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга енгил автомобиллар импорти қиймат ифодасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 14 фоизга — 1,23 млрд доллардан 1,06 млрд долларгача камайган. Шу билан бирга, миқдорий жиҳатдан солиштирилганда 4,5 фоизлик ўсиш кузатилмоқда — 68,5 мингтадан 71,7 мингтагача.
Агар 2024 йили импортнинг 32,4 фоизи электромобилларга тўғри келган бўлса, 2025 йил ушбу улуш 72,4 фоизгача ўсди. Миқдорий ифодада электр транспорти импорти 2,3 бараварга ошди — 22220 тадан 51856 тагача. Бензинли автомобиллар сони 30294 тадан 16985 тагача камайди.

