
Ўзбекистон мустақиллик йилларидаги илк космонавтини космосга учиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 26 декабрь куни парламент ва мамлакат халқига йўллаган Мурожаатномасида Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
«Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни етказмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космосга сунъий йўлдош ва биринчи ўзбек космонавтини — мамлакатимиз фуқаросини учириш бўйича ишларни бошладик», — деди.
«Ишонаманки, бу Янги Ўзбекистоннинг илмий-техникавий тараққиётига кучли туртки беради ва умуман миллий ривожланишимизни янги босқичга олиб чиқади», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
«Ўзбекистон космонавти аждодларимиз очган юлдузларни бориб кўради», — дея ҳазил қилди.
Конгресс маркази залида йиғилганлар бу сўзларни узоқ давом этган қарсаклар билан кутиб олдилар.