
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси Россия Федерациясидан гиёҳвандлик воситаларини олиб киришга чек қўйди, деб хабар берди ДХХ матбуот хизмати.
Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида Қозоғистондан кириб келган, Бухоро шаҳрида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Lada Largus автомашинаси кўздан кечирилди.
Автомашинанинг юкхонасидаги «Газель» автомобили узатмалар қутиси (коробка передач) ичига умумий вазни 2,3 кг бўлган 5 та ўрамдаги «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, «Ўзбекистон — Россия» йўналиши бўйича юк ташиш билан шуғулланувчи ушбу фуқаро эҳтиёт қисмни Тошкент вилоятида яшовчи 2000 йилда туғилган шахсга етказиб бериши керак бўлган. Гумонланувчи буюртмани қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинди.
Мазкур икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш ва сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар қамоққа олинди.

