
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров ва Япониянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Накамура Синъитиро 2025 йил 17 декабрь куни қиймати 360 млн иена (2,3 млн доллардан ортиқ) бўлган Иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастури бўйича алмашинув ноталарини имзоладилар, деб хабар берди Япония элчихонаси.
Дастур доирасида Ўзбекистон бўйлаб 14 та ҳудудий қон маркази, шунингдек, республика клиникалари ҳузуридаги 3 та қон қуйиш станцияси қонни сақлаш ва ташиш учун замонавий ускуналар билан жиҳозланади.
«Лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатнинг донорлик қонига бўлган ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, ихтиёрий донорлик орқали олинган қондан ишлаб чиқариладиган препаратлар улушини ошириш имконини беради», — деб қайд этди элчихона.
Дастур Япония ҳукуматининг беғараз ёрдами доирасида амалга оширилмоқда.
Дипломатик ваколатхонанинг таъкидлашича, яқинда Токиода бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Япония» биринчи саммитида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. «Япония ҳукумати Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга кўмаклашишни давом эттириш ниятида», — дея қўшимча қилди элчихона.

