
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 5 та қурилиш компаниясидан истеъмолчиларнинг пулларини қайтаришга эришди, деб хабар берди идора матбуот хизмати.
Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига фуқаролардан уй-жой сотиб олиш бўйича шартномалар асосида тўловлар ўз вақтида амалга оширилганига қарамай, айрим қурувчилар хонадонларни муддатида топшириш мажбуриятини бажармаётгани тўғрисида мурожаатлар келиб тушган.
Қўмитанинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси талабларини бузади. Унга кўра, ижрочи ишларни бажариш қоидалари ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши шарт.
Бошқарма 32 нафар истеъмолчи манфаатларини кўзлаб, 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағни ундириш бўйича судга даъво аризалари киритди.
Ишларни кўриб чиқиш якунларига кўра, суд Glamur Gold, Transport Free Group, Lucky Technical, Broccoli Plus ва Nur компанияларидан 16 нафар истеъмолчига жами 6,7 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағларини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилди.
«Ҳозирда қолган истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд жараёнлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 10 декабрь куни қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Ўзбекистонда уй-жой қурилишида улушбай иштирок этишда эскроу тизимини жорий этишга тўлиқ тайёргарлик кўрилганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, янги тизим улушдорлар ҳуқуқларининг тўлиқ ҳимоя қилинишини таъминлайди. «Шаффоф қурилиш» платформаси аллақачон банклар, кадастр органлари ва назорат тузилмалари билан интеграция қилинган.
Вазир, шунингдек, фуқароларни уй-жой сотиб олишдан олдин объект «Шаффоф қурилиш» тизимида рўйхатдан ўтганига ишонч ҳосил қилишга чақирди. У бундай ҳолатда қурилишнинг қонунийлиги ва сейсмик хавфсизлиги билан боғлиқ саволлар туғилмаслигини таъкидлади.

