
Тожикистон ва Афғонистон чегарасида тожик чегарачилари ва Афғонистон террорчилик ташкилотининг 3 нафар аъзоси ўртасида қуролли тўқнашув юз берди. Бу ҳақда Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ДМХҚ) чегара қўшинлари матбуот маркази баёнотига таяниб «Ховар» агентлиги хабар бермоқда.
Тожикистон ДМХҚ маълумотларига кўра, жангарилар 2025 йил 23 декабрь куни соат 23:30 да давлат чегарасини кесиб ўтган. 24 декабрь куни соат 11:15 да ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Афғонистон ҳудудидан кириб келган гуруҳнинг турган жойи аниқланган.
«Террорчилар тожик чегарачиларининг таслим бўлиш ҳақидаги талабига бўйсунмай, қуролли қаршилик кўрсатди… Жанговар операция натижасида уч нафар террорчининг барчаси йўқ қилинди. Воқеа жойидан 3 дона М-16 русумли ўқотар қурол ва Калашников автомати, чет элда ишлаб чиқарилган овоз пасайтиргичли 3 та тўппонча, 10 та қўл гранатаси, битта тунги кўриш мосламаси, портловчи моддалар, шунингдек, бошқа ўқ-дорилар ва ҳарбий анжомлар мусодара қилинди», — дейилади қўмита баёнотида.
Ҳужум натижасида ДМХҚ чегара қўшинларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди.
«Сўнгги бир ой ичида бу Афғонистон ҳудудидан Тожикистон ҳудудига қуролли ҳужум қилиш, террорчилик ҳаракати содир этиш ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ учинчи ҳолат, уларнинг натижасида тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлди», — деб қайд этди қўмита.
ДМХҚ «Толибон» ҳукуматини масъулиятсизликда айблади. «Ушбу фактлар шуни яққол кўрсатадики, „Толибон“ ҳукумати халқаро мажбуриятларни ҳамда Тожикистон Республикаси билан давлат чегарасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, террорчилик ташкилотлари аъзоларига қарши курашиш бўйича бир неча бор берган ваъдаларини бажаришда ожизлик, жиддий ва такрорий масъулиятсизлик кўрсатмоқда», — деб баёнот берди ДМХҚ.
ДМХҚ «Толибон» Тожикистон билан чегарада хавфсизликни таъминлаш бўйича «қўшимча самарали чоралар» кўришига умид билдирди.