
«Кўмир таъминот» Наманган вилояти филиали бошлиғи ўринбосари ва ходими коррупцияда гумонланиб қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Қайд этилишича, муқаддам судланган мансабдор шахс юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали бир фуқарони туманлардан биридаги кўмир омбори мудири лавозимига тайинлатишни ҳамда омборга келадиган кўмир вагонлари сонини кўпайтириб беришни ваъда қилиб, эвазига 40 минг доллар сўраган.
2025 йил 6 декабрь куни у филиал ходими орқали сўралган пулдан 25 минг долларини қабул қилиб олган, шундан сўнг фуқаро омбор раҳбари этиб тайинланган.
Сўнгра филиал бошлиғи ўринбосари қолган 15 минг долларни ҳамда омборга 30 вагон кўмир юборилиши учун «улуш» сифатида 7500 доллар — жами 22,5 минг доллар талаб қилган.
Пулларни яна филиал ходими орқали олаётган вақтида уларнинг иккаласи ҳам ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди.
Ҳар икки ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Улар қамоққа олинган.
ДХХ хабарига кўра, ўтказилган тадбирдан сўнг аҳоли учун имтиёзли нархлардаги кўмирни ўз вақтида етказиб бериш йўлга қўйилган.
2023 йил ноябрь ойида «Кўмир таъминот» Тошкент вилояти филиали раҳбари бир фуқарони компаниянинг Сирдарё филиалига раҳбарлик лавозимига ишга киритиб қўйиш ваъдаси билан 50 минг доллар олаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар берилган эди.

