Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 28/12/2025

Economist Сурияни йил мамлакати деб эълон қилди

Британиянинг Economist журнали Сурияни 2025 йил мамлакати деб топди. Мамлакат бундай эътирофга «сиёсий характердаги» ижобий ўзгаришлар туфайли сазовор бўлди.

«Бир йилдан сал кўпроқ вақт олдин Сурияни Эрон ва Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган диктатор Башар Асад бошқарган. Унинг қамоқхоналари сиёсий маҳбуслар билан тўлиб-тошган, фикр билдириш эса қийноқлар ёки ўлим билан жазоланар эди. Ўн уч йиллик фуқаролар уруши ярим миллиондан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди… Кейин 2024 йил декабрь ойи бошида исёнчилар ҳокимиятни қўлга киритгач, золимнинг ўзи қочишга мажбур бўлди», — деб ёзади нашр.

Economist таҳририяти йил мамлакатини танлаётган вақтда янги Сурия қандай кўринишда бўлиши ҳақида гапириш «ҳали жуда эрта» бўлганини таъкидлади. Нашрнинг қайд этишича, кўпчилик ўтмишда жангарилар етакчиларидан бири бўлган Суриянинг янги президенти Аҳмад аш-Шараа мамлакатда «зулматли исломий теократия» ўрнатади ёки Сурия «тартибсизликка ғарқ бўлади» деб хавфсираган эди.

«Буларнинг иккаласи ҳам содир бўлмади. Аёллар ёпиқ кийим кийишга ёки уйда қолишга мажбур эмас. Кўнгилочар машғулотлар ва, ҳа, алкоголь ичимликларига рухсат берилган. Аш-Шараа мамлакатни бирлаштириб ҳамда Америка ва Форс кўрфази мамлакатлари билан яхши муносабатлар ўрнатиб, барчани ҳайрон қолдирди. Ғарб санкциялари юмшаши билан иқтисодиёт ҳам тиклана бошлади», — дейилади материалда.

Бироқ, нашрнинг қўшимча қилишича, Сурияда ҳали ҳам «катта муаммолар», жумладан, кўнгилли дасталарнинг диний озчиликларга нисбатан зўравонликлари ва Аш-Шараанинг уруғ-аймоқчиликка асосланган бошқаруви сақланиб қолмоқда.

«Шунга қарамай, Сурия 2025 йилда 2024 йилдагига қараганда анча бахтлироқ ва тинчроқ. Қўрқув энди умумий тусга эга эмас. Ҳаёт осон эмас, лекин кўпчилик одамлар учун у озми-кўпми нормал ҳолатга қайтган. Уч миллионга яқин сурияликлар уйларига қайтишди. Бизнинг танловимиз ҳам Сурияга тушди», — деб ёзади Economist.

Бу йилги асосий даъвогарлар қаторида «иқтисодий характердаги ижобий ўзгаришлар» учун Аргентина ҳам бор эди.

Economist анъанавий равишда йил мамлакатини декабрь ойида танлайди. Таҳририят «иқтисодий, сиёсий ёки бошқа муҳим жиҳатдан энг катта ютуқларга эришган» мамлакатни аниқлайди. 2019 йилда Ўзбекистон йил мамлакати деб танланган эди.