Тошкент марказидаги «Ўзавтойўл» биноси 242 млрд сўмга сотилди

Тошкент марказида, «Ҳамид Олимжон» метро бекати яқинида жойлашган Автомобиль йўллари қўмитаси («Ўзавтойўл») маъмурий биноси электрон савдоларда 242,09 млрд сўмга сотилди.

E-auksion майдончасидаги аукцион 2025 йил 18 декабрь куни бўлиб ўтди ва 15 дақиқадан камроқ давом этди. Бошланғич нархдан 5 фоизга юқори бўлган ягона таклифни Қобилжон Мамадиёрович Норбеков илгари сурди.

Мустақиллик шоҳкўчаси, 68-уй манзилида жойлашган 7 қаватли бино 2025 йил ноябрь ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарори доирасида савдога чиқарилган эди. Объектнинг бошланғич нархи 230,56 млрд сўмни ташкил этган.

Бино ва иншоотларнинг умумий майдони 19,3 минг кв. метрни, туташ ҳудуд майдони эса 1 гектардан зиёдни ташкил этади. Объект барча зарур муҳандислик коммуникациялари, жумладан, газ таъминоти, электр энергияси, сув қувури ва канализация билан таъминланган.

Бундан ташқари, ДАБА «Ўзавтойўл»га қарашли бошқа объектларни, хусусан, Тошкент халқаро аэропорти яқинидаги лаборатория биносини ва Олмазор туманидаги автобазани ҳам савдога чиқарган.