
Хорижлик мутахассислар томонидан Ўзбекистондаги йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этиш камераларидан топилган фото ва видеокадрлар тизимни синовдан ўтказиш учун мўлжалланган тест серверидаги кадрлар ва бу ҳайдовчиларни кузатиш тизими эмас. Бу ҳақда 2025 йил 24 декабрь куни ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакиллари Американинг TechCrunch IT-нашри мақоласига изоҳ бера туриб, интернет нашрлари журналистларига маълум қилди.
У ерда тизимда заифлик мавжудлиги, шунингдек, у шахсий маълумотларни ошкор қилиши ва автомобиллар ҳаракатини кузатиш имконини бериши ҳақидаги иддаолар рад этилди.
ЙҲХХ Марказий компьютерлаштирилган бошқарув тизими бўлими бошлиғи подполковник Суҳроб Турсунов нашр муаллифлари «песочница» (синов майдони) серверини топганликларини таъкидлади. У ерда тест муҳитида «симуляция материаллари» ёрдамида янги уланаётган қурилма ва тизимларнинг иши, шунингдек, янги жорий этилаётган қоидабузарликлар (масалан, хавфсизлик камарини тақмаслик, ҳайдовчи томонидан пиёдага йўл бермаслик ва ҳоказо) қайд этилишининг тўғрилиги текширилади. Одатда синов даври 10 кун давом этади.
Тест серверида мавжуд бўлган материаллар асосида қоидабузарлик тўғрисида баённомалар шакллантирилмайди. Улар шунингдек шахсий маълумотларни ўз ичига олмайди — фақат транспорт воситаларининг суратлари мавжуд, холос, деб қайд этди хизмат вакили. Автомобилнинг давлат рўйхатидан ўтказиш рақами шахсий маълумот ҳисобланмайди, дея қўшимча қилди ЙҲХХ.
Суҳроб Турсунов йўл ҳаракати қоидабузарликлари тўғрисидаги маълумотлар — баённома, қоидабузарлик пайтидаги сурат ва одатда 6−10 сония давом этадиган видео — паролсиз, аммо фақат QR-код ёки тўғридан-тўғри ҳавола орқали ёхуд мобил иловалар орқали кўриш мумкинлигини эслатиб ўтди. Бу ҳайдовчининг ўзи ҳамда бошқа манфаатдор шахслар — масалан, автомобил эгаси ёки адвокат текшириши учун керак. Ҳавола автоматик тарзда яратилади ва бошқа қоидабузарликлар ҳаволасини тахмин қилиш орқали топишнинг имкони йўқ.
Фото ва видео қайд этиш тизими фақат йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этилган лаҳзани қайд этади, у автомобиллар ҳаракатини кузатмайди, деб таъкидлади Суҳроб Турсунов. Автомобиллар ҳаракати ёзиб олинадиган, баённомалар ва қоидабузарлик кадрлари сақланадиган серверлар ҳамда тест сервери — бир-биридан ажратилган. Биринчиси Ўзбекистон ичидаги «ёпиқ тармоқ»да жойлашган, унга хориждан кириш имкони йўқ. Қоидабузарлик кадрлари эса булутли серверга (cloud.yhxx.uz) кўчирилади ва уларни қоидабузарлик тўғрисидаги қарорни олганда ҳавола орқали кўриш мумкин.
ЙҲХХ маълумотларига кўра, республика бўйлаб 5000 дан ортиқ қоидабузарликни қайд этиш камералари ўрнатилган, шу жумладан тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералар ҳам бор ва улардан олинган маълумотлар идоранинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида жамланади. Хорижий нашр материалида «100 га яқин камера» ҳақида сўз бориши муаллифлар бутун тизимга кириш имконига эга бўлмаганини тасдиқлайди, деб қайд этди хизмат.
Камералар ўрнатилган жойларга келсак, координаталар ва манзил суратларда кўрсатилади. Бу ҳукумат томонидан тасдиқланган талабларда (2021 йил 21 апрелдаги 232-сонли қарор), шунингдек, камера моделида кўзда тутилган. Ушбу маълумотлар оммавий бўлиб, улар очиқ манбаларда, жумладан онлайн хариталарда ва антирадар қурилмаларида мунтазам янгиланиб туради.
Ўзбекистонда нафақат TechCrunch тилга олган Хитой тизими, балки Россия, Беларус ва бошқа мамлакатларнинг тизимлари — жами 14 та тизим қўлланилади. Барча тизим ва қурилмалар ишга туширилишидан олдин Киберхавфсизлик марказининг уч босқичли экспертизасидан ўтади. Хусусан, техник топшириққа мувофиқлиги текширилади, шундан сўнг тизимнинг ҳимояланганлик даражаси тўғрисида хулоса берилади. Қўшимча равишда Стандартлаштириш агентлигининг мувофиқлик сертификати талаб қилинади.
Тизимда эҳтимолий заифлик ҳақидаги мурожаат олингандан сўнг, Киберхавфсизлик маркази келтирилган фактларни текшириб кўрди ва улар ўз тасдиғини топмади, деди Суҳроб Турсунов. Нафақат тест серверининг, балки унга боғлиқ тизимларнинг ҳам ҳимояланганлиги текширилди.
Марказ мақола муаллифи Зак Уитакер билан у хатида (17 декабрдаги) кўрсатган алоқа маълумотлари орқали боғланишга ҳаракат қилди, бироқ жавоб олмади. Бу ҳақда ИИВ сайтида эълон қилинган хабарда ҳам айтилган. ЙҲХХ агар муаллиф билан алоқа ўрнатилса, барча тафсилотларни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

