
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трамп 2025 йил 23 декабрь куни телефон орқали мулоқот қилдилар.
Ўзбекистон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беришича, Шавкат Мирзиёев америкалик ҳамкасбини Янги йил байрами билан табриклаб, АҚШ халқига тинчлик, омонлик ва фаровонлик тилади.
Дональд Трамп Президентга ва Ўзбекистон халқига ўз номидан ва АҚШ халқи номидан табриклар йўллаб, келгуси йилда бахт-саодат, муваффақиятлар ва янги зафарлар тилади.
Президентлар кузги учрашувлар давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилиш жараёнини, шунингдек, Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
«Ўзбекистон раҳбари Президент Дональд Трампнинг жорий йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган ютуқларига юқори баҳо берди, унинг халқаро инқироз ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади», — дейилади хабарда.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, «С5+1» («Марказий Осиё + АҚШ») форматининг аҳамияти таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ўзига қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.
АҚШ Президенти ўзининг Truth ижтимоий тармоғида «бугун эрталаб Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан иккита ажойиб суҳбат» ўтказганини ёзди.
«Биз давом этаётган можароларда Тинчликка эришиш, шунингдек, Миллатларимиз ўртасида Савдо ва Ҳамкорликни ошириш муҳимлигини муҳокама қилдик», — деб қайд этди Дональд Трамп. У Марказий Осиёнинг ҳар икки давлати билан муносабатларни «аъло даражада» деб атади.
Суҳбат якунида у президентларни келгуси йил Майамида бўлиб ўтадиган Йигирматалик гуруҳи (G20) саммитига меҳмон сифатида қўшилишга таклиф қилди.