Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 27/12/2025

АҚШ ихтиёрий равишда чиқиб кетувчи мигрантлар учун тўлов миқдорини 3000 долларгача оширди

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) 2025 йил 31 декабргача мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этадиган ноқонуний мигрантлар учун тўлов миқдорини 3000 долларгача оширди. Аввалроқ ўз-ўзини депортация қилиш учун тўлов 1000 долларни ташкил этар эди.

Ушбу нафақани олиш учун ноқонуний мигрантлар идоранинг расмий CBP Home App иловасида рўйхатдан ўтишлари керак. Шунингдек, мамлакатдан чиқиб кетувчиларнинг уйларига учиш харажатлари қоплаб берилиши ваъда қилинмоқда.

«CBP Home иловасидан фойдаланиш, шунингдек, мамлакатдан чиқиб кетмаганлик учун ҳар қандай фуқаролик жарималари ёки санкцияларидан озод этилиш ҳуқуқини беради», — дея қайд этди DHS.

АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмнинг сўзларига кўра, 2025 йил январдан буён 1,9 миллион ноқонуний мигрант ихтиёрий равишда депортация қилинган.

«Мавлуд мавсумида америкалик солиқ тўловчилар мамлакатда ноқонуний бўлиб турганлар учун ихтиёрий равишда чиқиб кетиш рағбатини сахийлик билан уч бараварга оширмоқда… лекин бу фақат йил якунига қадар амал қилади. Ноқонуний мигрантлар ушбу совғадан фойдаланиб, ўзлари депортация бўлишлари керак, чунки агар улар буни қилмасалар, биз уларни топамиз, ҳибсга оламиз ва улар ҳеч қачон қайтиб келолмайдилар», — деди Ноэм.

2025 йил май ойида АҚШ ўз-ўзини депортация қилиш дастури ишга туширилишини эълон қилган эди. Ушбу дастур доирасида ноқонуний мигрантлар мамлакатдан чиқиб кетишда ёрдам ва 1000 доллар миқдорида пул маблағлари олишлари мумкин эди. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, нафақа тўловларини ҳисобга олган ҳолда ҳам, ушбу дастур ноқонуний мигрантларни депортация қилиш харажатларини тахминан 70 фоизга қисқартиради. 2025 йил октябрь ойида АҚШ ҳукумати кузатувсиз келган ўсмир мигрантлар ўз мамлакатларига ихтиёрий равишда қайтсалар, уларга 2500 доллардан тўланишини маълум қилган эди.