Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 26/12/2025

«Шарғункўмир» ва Шеробод цемент заводи ягона лот сифатида сотувга қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Шеробод цемент заводи устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши ва «Шарғункўмир» компаниясидаги 99,55 фоиз давлат улушини очиқ савдога чиқарилганини эълон қилди.

Хабарда айтилишича, сотув цемент заводининг ишлаб чиқариш жараёнини табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиш ва корхонани барқарор таъминлаш мақсадида ягона лот сифатида амалга оширилмоқда. Alkes Research компанияси битим бўйича маслаҳатчи сифатида иштирок этмоқда.

Савдолар икки босқичда ўтказилади: қизиқиш билдириш (EoI) ва мажбурий таклифларни тақдим этиш (BO). Унда маҳаллий ва халқаро инвесторлар иштирок этиши мумкин, бироқ давлат компанияларига иштирок этишга рухсат берилмайди.

Биринчи босқичда талабгорлар компания, акциядорлар ва якуний бенефициарлар ҳақидаги маълумотларни, уч йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этишлари, шунингдек, инвестиция мажбуриятларини бажариш бўйича ёндашувларини баён қилишлари керак. Гап цемент заводини кўмирга ўтказиш ва «Шарғункўмир»га 2026 йилнинг II ярмидан бошлаб қазиб олиш қувватларини йилига 1 миллион тоннагача ошириш учун камида 20 миллион доллар миқдорида инвестиция киритиш ҳақида бормоқда.

Қизиқиш билдириш бўйича аризалар 2026 йил 21 январгача қабул қилинади.

Сурхондарё вилоятидаги Шеробод цемент заводи йилига 1,5 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона ихтиёрида умумий майдони 584,7 гектар бўлган ер участкаси мавжуд бўлиб, шундан 84 гектари доимий фойдаланишда, 500,7 гектари эса ер ости бойликлари учун ажратилган. Шунингдек, умумий майдони 57,5 минг квадрат метр бўлган бино ва иншоотларга эга.

«Шарғункўмир» АЖ — Ўзбекистоннинг тошкўмир қазиб олувчи етакчи корхоналаридан бири бўлиб, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида шахталарни ер ости ва очиқ усулда ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

«Шарғункўмир» 39,7 гектар майдонга эга кўмир кони ва 58 гектар умумий ер майдонига эга. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 900 минг тонна кўмирни ташкил этади, 2024 йилдаги ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳам шу даражага етди. Компания 12,5 км узунликдаги шахсий темир йўл тармоғига, кўмирни қуруқ бойитиш фабрикасига ва тузилган оффтейк-контрактларга эга. Тасдиқланган кўмир захиралари A, B, C1 тоифалари бўйича 31,5 миллион тоннани ва C2 тоифаси бўйича 7,1 миллион тоннани ташкил этади.

«Шарғункўмир»даги давлат улушини сотиб олишга қизиқиш билдириш бўйича аризаларни қабул қилиш 2025 йил октябрь ойида бошланган ва 14 ноябргача давом этиши белгиланган эди, бироқ ДАБА ушбу босқич натижаларини эълон қилмаган.