
2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда мамлакат фуқароларига электрон шаклда хизмат кўрсатаётган ёки товар сотаётган, аммо солиқ ҳисобига турмаган хорижий компаниялар фаолияти чекланиши мумкин. Бу президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги «Нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.
Агар хорижий компания солиқ органларида рўйхатдан ўтмасдан Ўзбекистон фуқароларига электрон хизматлар кўрсатаётгани ёки электрон тижорат билан шуғулланаётгани аниқланса, унга солиқ ҳисобига туриш талаби билан расмий билдиришнома юборилади. Агар компания 30 кун ичида ушбу талабни бажармаса, унинг мамлакат ҳудудидаги фаолияти чекланиши мумкин.
Солиқ қўмитасининг аниқлик киритишича, хорижий юридик шахсга идора номидан расмий хат юборилади. Агар 30 кун ичида жавоб келмаса ёки рад жавоби олинса, Солиқ қўмитаси электрон тижорат бозори регулятори — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (ИЛМА) мурожаат қилади. Агентлик, ўз навбатида, компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартга қадар солиқ органлари томонидан Ўзбекистон фуқаролари — жисмоний шахсларнинг хорижий юридик шахсларга йўналтирилган пул транзакциялари тўғрисидаги эгасизлантирилган маълумотларни олиш тартибини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Ушбу чоралардан кўзланган мақсад — қайси хорижий компаниялар Ўзбекистон фуқароларидан даромад олаётганини аниқлаш, бундай даромадлар солиққа тортилиши лозимлигини баҳолаш, шунингдек, хорижий рақамли платформалар орқали солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш.
Солиқ кодексининг 278-моддасига биноан, реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси деб эътироф этиладиган электрон хизматларни кўрсатувчи хорижий юридик шахслар, ушбу хизматларни жисмоний шахсларга кўрсатишда солиқ тўловчи ҳисобланади. Кодекснинг 279-моддасига кўра, солиқ ҳисобига қўйиш хизматлар кўрсатиш бошланган кундан эътиборан 30 календарь кунидан кечиктирмай электрон ариза бериш орқали амалга оширилиши лозим.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги 885-сонли қарорининг 2-бандида электрон тижорат операторлари (электрон тижорат платформалари, буюртмалар агрегаторлари, рақамли стриминг операторлари) фақат Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган.
Гап фуқароларнинг хорижий онлайн-платформалар хизматлари — фриланс, таълим, кўнгилочар соҳа, обуналар ва рақамли сервислар учун тўлов қилиши, шунингдек, хорижий маркетплейслардан товарлар сотиб олиши ҳолатлари ҳақида бормоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҚҚС тўлаётган хорижий интернет-компаниялар сони 76 тага етган. Улар орасида Netflix, Meta, Amazon, OpenAI, Google, Apple ва бошқалар бор.
2025 йилнинг январь-июнь ойларида бундай компаниялар 78,2 млрд сўм ҚҚС тўлаган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 42 фоизга кўп. Тушумларнинг асосий улушини Meta, Apple ва Google таъминлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 20 мартдан Ўзбекистонда Хитойнинг Temu маркетплейсига кириш чекланган эди.

