Temu маркетплейси Ўзбекистонда блокланди

Temu Ozbekiston

Ўзбекистонда 2025 йил 20 мартдан бошлаб хитойлик маркетплейс Temu га кириш чекланди. Бу ҳақида маълумотни Истиқболли Лойиҳалар Миллий Агентлиги (ИЛМА) тасдиқлади.

Ҳозир сайтга кирилганда, қуйидаги ҳолат кузатилиши мумкин.

Temu блокланди

Ҳозирда сайтга VPN хизматлари орқали кириш мумкин.

Temu нинг мобил иловаси ҳали ҳам App Store ва Google Play’да мавжуд бўлиб, рейтингда мос равишда 26 ва 33-ўринларни эгаллаб турибди. Бироқ, товарларни саватчага қўшишда илова секин ишламоқда ва интернет тезлиги пастлиги ҳақида огоҳлантирувчи хабар чиқмоқда, деб ёзади Spot.

Блокланиш сабаби

2024 йилнинг декабрь ойи охирида Вазирлар Маҳкамасининг 885-сонли қарори билан электрон савдо платформалари операторлари учун янги талаблар тасдиқланган эди. Унга кўра, платформалар Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, мамлакат резидентига айланиши шарт.

Электрон тижорат соҳасини тартибга солувчи Истиқболли Лойиҳалар Миллий Агентлиги (ИЛМА) Temu хизмати чекланиши мумкинлигидан аввал огоҳлантирган ва 2025 йил 20 мартдан унинг блокланганини эълон қилган.

Регуляторнинг маълум қилишича, Temu мулоқотга чиқмаган, Ўзбекистонда солиққа туришдан ва юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтишдан бош тортган.

Яқин кунларда хитойлик маркетплейс 2025 йил 14 мартдан Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгани маълум бўлди.

ИЛМАнинг электрон тижорат бошқармаси раҳбари Камронбек Муҳаммадиевнинг маълум қилишича, Temu нинг юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиши унинг мамлакатда ишлашни давом эттириши учун талаб этилган қадамлардан бири холос. Энди компания аввалги давр учун ҚҚС тўлаш ва фискал чеклар бериш учун солиқ органлари билан интеграцияни амалга ошириш зарур. Қайд этиш жоизки, маҳаллий бозор ўйинчилари учун фискализация жараёни тахминан бир ой давом этган.

Аввалроқ ИЛМА Temu ўзининг агрессив маркетинг стратегияси билан халқаро бозорларга фаол кириб бораётганини таъкидлаган эди. Агентлик маълумотларига кўра, 2024 йилда маркетплейс реклама ва демпинг стратегияси учун 4 миллиард доллар ажратган, 2025 йилда эса бу харажатлар 10 миллиард долларга етказилиши мумкин.

Мисол тариқасида Туркиядаги вазият кўрсатилган бўлиб, у ерда Temu нинг бозорга кириши маҳаллий Trendyol платформасига жиддий зарба берган. Бунга жавобан, Туркия ҳукумати хитойлик платформани тўлиқ блоклаган.