
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси ўзини парламент мухолифати деб эълон қилди. Қонунчиликка кўра, партия ҳукуматнинг курси ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига рози бўлмаслиги мумкин.
Аввалроқ ўнг қанотдаги ЎзЛиДеП (Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партия) ва “Миллий тикланиш” демократик партияси “Тараққиёт блок”ига бирлашган эди.
“Биз ушбу блокнинг ташкил этилишига қарши эмасмиз, бироқ унинг устуворликларига, шунингдек, ҳукумат дастури ва фаолиятининг айрим йўналишларига қўшила олмаймиз”, – деди ХДП раҳбари Улуғбек Иноятов 2025 йил 13 май куни Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда.
Ўзини чап сиёсий куч сифатида кўрсатган Халқ демократик партияси адолат, тенглик ва бирдамлик тамойилларига асосланган демократик ижтимоий давлат қуришни ўзининг устувор мақсади сифатида белгилади.
Улуғбек Иноятов, шунингдек, бир қатор муаммоларни ҳам санаб ўтди, жумладан:
- иқтисодиётда давлат иштирокини сақлаб қолиш ва стратегик муҳим компаниялар устидан давлат назоратини ўрнатишга етарлича эътибор қаратмаслик, шунингдек, уларни хусусийлаштиришга қонуний тақиқнинг йўқлиги;
- рақобатбардош бозор механизмлари ёрдамида бошқариладиган пенсия тизимига ўтиш зарурати;
- коммунал тўловлар (газ, электр энергияси ва бошқалар) масалаларида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ узоқ муддатли стратегиянинг йўқлиги;
- улушли иштирок асосида уй-жой қурилишига жалб қилинган фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш кафолатлари тизимининг йўқлиги;
- аҳоли даромадларига қараб прогрессив солиқ тизимининг жорий этилмаганлиги (“ким кўп топса, шунча кўп тўлайди” тамойили), шу жумладан, ҳашамат солиғининг йўқлиги;
- фармацевтика соҳасида давлат назоратининг сустлиги, маҳаллий ва импорт дори воситаларига белгиланган чегара нархларининг йўқлиги, шунингдек, дори воситалари рекламасига тақиқнинг йўқлиги.
“Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий бирдамлик тамойиллари асосида ижтимоий давлатни яратиш вазифасини амалга оширишда ўз сайловчиларимиз манфаатларини биринчи ўринга қўяди ва мамлакатимизнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш учун саъй-ҳаракатларни сафарбар қилишда давом этади”, – деди Улуғбек Иноятов.
Парламент мухолифати сифатида ХДП ҳукумат ва парламент кўпчилигининг таклиф ва ташаббусларини танқидий кўриб чиқади ва улар бўйича ўз позициясини билдиради. Партия, шунингдек, кўпчилик томонидан тақдим этилган лойиҳалар электорат манфаатларига жавоб бермаса, муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиш имкониятига эга, деди партия раҳбари.
ХДП ҳукуматнинг ҳаракатлар дастури ижросини танқидий баҳолайди, шунингдек, парламент назорати механизмларидан фойдаланиши мумкин, дея қўшимча қилди у.